Ёшлар — стратегик куч

08.01.2024 09:01:05

Ҳар бир халқ, миллат ўзининг келажагини қурар экан бир масалага яъни ёшларнинг ҳар томонлама етук, шахсий ва интеллектуал салоҳият ва кўникмаларни эгаллаган, жисмонан бақувват ва баркамол авлод сифатида тарбиялаш чораларини кўради. Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган чорак аср давр давомида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусий сектор имкониятларига йўл очила бошлаган даврда ёшлар учун хусусий тадбиркорлик қилишда қатор имтиёзлар яратилди. Ёш авлод, она ва бола, соғлом авлод йиллари белгиланди ва салмоқли ютуқларга эришилди.

Шунингдек, охирги йилларда ёшларимизнинг орзу-умидларини, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш масаласи Президентимиздан бошлаб, барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифасига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши негизида жуда теран маъно-мазмун ва эзгу мақсадлар мужассамдир. Гувоҳи бўлаётганимиздек, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга, кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Глобал дунёдаги шиддатли рақобатга дош бериш учун “инсон капитали”ни ўстириш керак. Бундай салоҳият ёшлардагина мавжуд.

Албатта, халқнинг фаровонлиги, ўқимишлилиги ва яхши яшаши учун киритилган инвестициялар замирида давлатнинг қудрати туради. Шу боисдан кейинги пайтда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сонли Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг тўртинчи “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” устувор йўналишида “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” борасида 70-мақсад белгиланди. Унда, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, улар учун малакали тиббий хизматдан фойдаланиш шарт-шароитларини яхшилаш, ёшлар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг мукаммал таълим олишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунга монанд равишда ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва бошқа муҳим устувор вазифалар белгилаб олиниб изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон ёшлари ҳам мазкур имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда юксак илмий ҳамда сиёсий фаолликни намоён қилмоқда, десак адашмаган бўламиз. Айниқса, 2023 йилда мамлакатимизда ўтказилган муҳим сиёсий жараёнлар, жумладан, Бош қомусимизни ислоҳ қилиш юзасидан ўтказилган умумхалқ муҳокамасида келиб тушган таклифларнинг 70 фоиздан кўпроғи ёшлар ҳиссасига тўғри келаётганлиги ҳам сўзларимизнинг ёрқин ифодасидир.

Бугун спортчи ёшларимиз жаҳон ва Осиё мусобақаларида, билимли, тафаккури кенг эртамиз эгалари нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларда совринли ўринларни қўлга киритаётгани ва илм-фан, маданият ва спорт шоҳсупаларида байроғимизни баланд кўтараётганининг замирида мамлакатимизда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ётади. “Нимани эксанг шуни ўрасан”, дейди доно халқимиз. Шундай экан, бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир.

Ёшларни касбга йўналтириш ишларини тизимли ташкил этиш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва бошқа ёшларни қўллаб-қувватлашга доир долзарб масалалар юзасидан ислоҳотларнинг узвийлиги давлатимиз раҳбарининг Янги йил табригида ҳам, қолаверса, қатор Фармон ва Қарорларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Шундай экан, кириб келган янги йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши давлатимизнинг ёшларга доир сиёсатида реал тараққиёт жараёни орқага қайтмас ҳаракат, мақсад сари йўналганлик ва янги қонуниятларга таяниш тенденцияларининг узвийлигини яна бир бор исботлади.

Куатбай Мирзабаев,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
етакчи мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+