Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш — тараққиёт йўлида муҳим қадам

17.01.2024 12:01:58

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан то бугунги кунга қадар, халқимиз кўтарган барча масалаларни аниқ ечимларига эътиборни қаратиш мақсадида ҳар янги йилга ном бериш одати анъанага айланган. Ўзбекистонда 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили” деб эълон қилиниши билан бутун бир йилга мўлжалланган ғоя ва мақсадларнинг ушбу соҳаларга ихтисослашуви мамлакатимизнинг йилдан йилга либерал модернизациялашув томон олға бораётганини англатади.

Маълумки, сал кам 37 миллионлик аҳолимизнинг 60% дан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ушбу аҳолининг жуда катта қисмини ташкил этувчи қатламига эътиборни кучайтириш орқали ёшлар ўртасида ишсизлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қатор лойиҳалар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистонда бизнес фаолиятини ривожлантириш учун ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурлари ва иқтисодий ислоҳотлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорларида, айниқса, “Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисидаги фармонида ҳам бизнесни ривожлантириш учун инвестицияларни жалб этиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун молиявий тизимлар билан ҳамкорлик қилиш, маҳаллий савдо палаталари ва бозорлар билан ишлаш, янги мижозлар жалб этиш, бизнес ташкилотлари жамиятга фойда олиш учун хайрия ташкилотларини ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш сингари асосий ғоялар акс эттирилганлиги ҳам бежиз эмас.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган йил номининг берилиши ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олаётганини англатади ҳамда уларни тадбиркорликка жалб этишга ва янги инновацион лойиҳаларни яратишга ундайди.

Ўз ўрнида, бугунги кунда ёшларимизнинг қайси соҳада бўлмасин катта ютуқларга эришаётгани, жумладан, халқаро спорт мусобақаларининг юксак шоҳсупаларида давлатимиз байроғини баланд кўтараётгани, фан олимпиадаларида нуфузли ўринларни эгаллаётгани мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятларнинг меваси, десак муболаға бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларга доир амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида фақат давлат бошқаруви органлари ваколатларини амалга ошириш учунгина эмас, балки давлат бошқаруви органлари ваколатларининг ёшлар эҳтиёжи ва манфаатларига хизмат қилиши, бу борадаги турли талқинларни ўрганиб чиқиб қуйидаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:

— Ёшлар учун сиёсий таълим тизимини ривожлантириш: Ёшлар учун сиёсий таълимнинг қисмларини жамият ва олий ўқув юртларда ривожлантириш, сиёсий жараёнларга оид фанлар ва курслар ўтказиш, уларни сиёсий қарашларни ўрганиш ва ифодалашга тайёрлаш учун йўл очади.

— Ишончли лидерлик ва жамиятни бошқариш кўникмалари ўргатиш: Ёшларга лидерлик хусусиятлари, масъулият, демократик тизимлар ва жамиятда бошқарувчи хизматни ўрганиш бўйича таълим бериш.

— Ёшлар орасида интерактив мулоқотлар ва тадбирлар ташкил этиш: Ёшлар орасида фикрлар алмашиш, интерактив тадбирлар ташкил этиш, ижтимоий тармоқларда, веб-сайтларда ва блогларда ўзларини ифодалашлари учун муҳит яратиш.

— Ёшлар учун сиёсий бошқарувчилар билан учрашиш тадбирлари: Ёшларни ташкил этувчи сиёсий бошқарувчилар билан ўзаро муносабатлар ва учрашишларни тизимли йўлга қўйиш.

Азизбек АБДИЕВ,
партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+