Ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг таянчи ва бунёдкорлари

04.07.2024 09:07:56

Ёшлар нафақат миллат генофондининг олтин захираси балки жамиятнинг энг фаол қатламидир. Янги Ўзбекистонда уларга бўлган эътибор, ғамхўрлик йил сайин кўпайиб, имкониятлар кўлами кенгаймоқда. Ёшларнинг манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу интилишларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бугунги кунда билим олиш, замонавий касб-ҳунар эгаллаш, турли йўналишларда иқтидорини намоён этиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар натижасида ёшлар кўплаб соҳаларда янги марраларни забт этмоқдалар.

Яқинда Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар соҳасидаги ишлар сарҳисоб қилиниб, янги вазифа ва таклифлар муҳокама этилди. Хусусан, сўнгги етти йилда мамлакатимизда ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар берилди.

Шунингдек, ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Юртимизда олиб борилаётган ёшларга оид сиёсат халқаро миқёсда тан олиниб, ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни давлат ва жамият бошқарувига, муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга кенг жалб этиш бўйича 60 дан зиёд ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан маъқулланди.

БМТ томонидан «Ёшлар стратегияси – 2030»ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистондир. 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса Тошкент шаҳри – МДҲ минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.

Барча босқичдаги таълим сифатини ошириш учун ресурслар ва илғор хорижий тажрибадан кенг фойдаланилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Президент мактабининг баҳолаш тизими 500 та мактабда жорий қилиниши натижасида бир йилнинг ўзида билимларни ўзлаштириш 53 фоиздан 60 фоизга ошди. Бу тизим янги ўқув йилидан яна мингта мактабда жорий қилинади. Бу йил мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битирди. «Катта бешлик» фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайди. Бунинг натижасида ўтган ўқув йилида 55 нафар мактаб ўқувчилари математика, кимё, биология, физика ва информатика бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Маданият ва санъат бўйича нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимиздан 383 нафари бош совринни, 1359 минг нафари 1-ўринни эгалладилар.

Олий таълим тизимида ҳам ёшларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Берилган имтиёзлар натижасида биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланди. Эҳтиёжманд оиладан бўлган 110 минг талабанинг контрактини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 212 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 42 фоизга етгани замонавий илм ва касб соҳаларини эгаллашда ёшлар учун янги имкониятлар очмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсатгич 50 фоиздан ошиши кутилмоқда. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали АҚШнинг «Печак лигаси»га кирувчи Гарвард, Ел, Колумбия, Стенфорд каби топ-8 та ҳамда Буюк Британиянинг «Расселл гуруҳи»даги Оксфорд, Кембридж, Бирмингем каби 24 та олийгоҳини 50 нафар ёшларимиз битирди. Бу нуфузли олийгоҳларда ўқиётган ватандошларимиз сони 200 нафардан ошди. Умуман, 110 минг ёшларимиз хорижда таҳсил олмоқдалар.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш бугунги кунда устувор йўналишга айланди. «Оилавий тадбиркорлик» дастурлари доирасида берилган кредит эвазига 1 миллион ёш банд бўлди. 205 та «Ёшлар саноат зонаси»да 1 минг 200 та лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирда бизнесдаги айланма маблағини миллион доллардан оширган 1,5 минг нафар ёш тадбиркор бор.

Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича жорий этилган янги тизим туфайли жорий йилда «маҳалла еттилиги» тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилди.

Сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилди. Маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда. Айниқса, «Ёшлар дафтари», «Ёшлар баланси» платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишлар натижасини ёшлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ёшларда билим ва янги ғоялар кўплиги, уларга бир нечта йўналишда шароитларни янада кенгайтирилишини таъкидлаб ўтди. Жумладан, улар қуйидагилар:

Мамлакатимиз жадал ривожланиши учун «тўртинчи саноат» касблари жуда муҳим. Шу мақсадда ёшларнинг физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим бўлади. Олий ўқув юртлари қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида «Халқаро бакалавриат» ва «А-Левел» дастури жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

«САТ» тестида 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар мамлакатимиз университетларига ҳам грантга қабул қилинади. Ногиронлиги бўлган ёшларга чет тили бўйича миллий сертификат олишда компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади.

Олий таълимнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлашади. Техникумда яхши ўқиган ёшларга халқаро классификаторнинг тегишли даражасига мос келувчи диплом берилади. Уларга олийгоҳни иккинчи ёки учинчи курсдан ўқишни контракт асосида давом эттириш имконияти берилади. Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан контракт асосида олий таълимга қабул қилинади.

Энди олий ўқув юрти, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади. Бундай илмий марказлар Тошкент техника, Самарқанд ва Урганч давлат университетларида ҳам ташкил қилинади. Ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бождан озод қилинади.

Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида «Креатив саноат парклари» ташкил қилиниб, уларга ИТ-парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. Бу жойлар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг «стартаплари»га уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради. Магистраль йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бунда дастлабки 6 ойда ёшлар ижара ҳақи ва солиқ тўламайди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда юртимизда ёшларнинг баркамол шахс бўлиб вояга учун етиши учун барча имкониятлар мавжуд. Зеро, ёшлар давлатимизнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир.

  

Муҳаммаджон ВАЛИЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати,
Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+