Ёшлар – жамият таянчи

02.08.2022 18:08:52

Мамлакатимизда аҳолининг олтмиш фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда оқилона сиёсат юритилмоқдаки, у навқирон авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган. Йигит-қизларга касб-ҳунар ўрганиш ва таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Чунки юртимизнинг тараққиёти, умуман, келажаги уларга боғлиқ. Халқимизнинг тарихий ва миллий қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда янада бойитиш ҳам ёшлар қўлида.

Шулар ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдимга тушади. Уларни ён дафтаримга ёзиб олганман.

“Азиз фарзандларим!

Дунёдаги мураккаб вазиятни ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳар куни янги-янги хавф-хатарлар ва ташвишларга дуч келяпмиз.

Бундай вазиятларда Халқимизнинг иродаси ва матонатига таяниб, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топиш учун биргаликда интилмоқдамиз.

Меҳнаткаш ва бағрикенг, олижаноб халқимиз, сиздай билимли, фаол ва шижоатли ўғил-қизларим бор экан, биз ҳар қандай қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз!

Хабарингиз бор, биз мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратдик. Маҳаллаларда 9,5 минг нафар ёшлар етакчилари ўз фаолиятини бошлади.

ҳозирга қадар “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилди.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш устувор йўналишга айланди.

Сўнгги икки йилда 174 минг нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилди".

Бу, албатта, биз навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бир томчи холос. Диққатга сазовор томони шундаки, тенгдошларимиз ҳам ўзларига берилаётган эътиборга жавобан астойдил меҳнат қилмоқдалар, илм чўққиларини эгалламоқдалар.

Яқинда  Калифорния (АҚШ) штатидаги Intuit компаниясида муҳандис-дастурчи сифатида  фаолият олиб бораётган Азиз Эргашев ҳақида эшитиб қолдим. У Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари   иштирокида семинар-тренинг  ўтказгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқда тарқалди. Энди қисқача шу воқеа баёни билан танишинг.

Нам МҚИ Информатика ва ат кафедраси мудири Тоҳиржон Жўраев модераторлик қилган семинар-тренинг мавзуси “Ахборот технологиялари: бугун ва келажак. Cиликон водийси сабоқлари” деб номланди.  Азиз Эргашев семинар-тренинг давомида “Нега IT долзарб?”, “Соҳада иш топиб кетиш учун эришиш зарур бўлган марралар”, “IT соҳасида муваффақиятга эришиш учун талаб этиладиган асосий малакалар”, “IT соҳасига кириб келганлар учун огоҳлантиришлар” каби қизиқарли мавзуларда сўз юритди. Талабаларнинг бу борадаги кўплаб саволларига батафсил жавоб берди.

Фан соҳасида жиддий изланишлар олиб бораётган ҳамюртимиз ким ўзи дейсизми?  Азиз Эргашев асли  Наманганнинг Тўрақўрғон туманидан. Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқиган. Таҳсилни АҚШдаги олий ўқув юртларида давом эттирган ва 10 йилдан ошиқ вақтдан бери океан ортида муваффақият билан фаолият юритиб келмоқда.

Биз мана шундай ажойиб ёшларни барчага намуна қилиб кўрсатишимиз лозим. Шундай илм фидойилари кўпаяверсин. Улар юртимизнинг ҳар жиҳатдан юқори даражада тараққий этишига ўз ҳиссасини қўшишга қодир бўладилар.

Дилшода ТУРҒУНОВА,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+