Ёшлар жамиятдан норози бўлиб гапиришни хуш кўрадиганларнинг “нусхаси” бўлиб етишмасин

26.04.2021 18:04:42

Бугун мамлакатимизда ёшлар учун кенг имкониятлар берилмоқда. Изланган, интилган ҳар бир ёшга барча соҳада эшиклар катта очиқ. Куни кеча ёшларимизнинг ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори мамлакатимизда ёш авлоднинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаётганидан далолат.

Қарорга кўра ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил этиш, мазкур зоналарнинг асосий вазифаси этиб ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудидан жой ажратиш йўли билан тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёшларни саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари ва ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини барқарор ривожлантириш, рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг инновацион ишланмаларини амалиётга жорий этиш, натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш, банд бўлмаган, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш белгилангани биз ёшларни қалбига катта ишонч бағишлаб, янги марралар сари руҳлантириб юборди.

Партиямизнинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида маҳаллабай, фуқаробай ишлаш тизими асосида кўпинча уюшмаган ёшларнинг тадбиркорлик соҳаси билан шуғулланиш истагида эканлигини, аммо ишни нимадан бошлашни билмасдан “боши қотаётганини” гувоҳи бўламиз. Ёки депутатларимиз билан учрашувларимиз чоғида ҳам кўплаб тадбиркорлик соҳаси билан шуғулланиши учун жой масаласи кўтарилган. Энди қарор асосида ёшларнинг шундай муаммоларига ечим топилиши бизни қувонтирди.

Албатта, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган соҳада меҳнат қилиши, ўзи хоҳлаган соҳа бўйича шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратилган, имкониятлар етарли. Маълумки, бугунги кунда институтга киролмаган ёшлар қурилиш ишларига, қурилиш фирмалари  ва одамларнинг уй-жойларидаги қурилишларга, яъни нақд пул бериладиган ишларга боришни  афзал кўришаяпти. Нега деганда у ерларда кунига ишлаб  100 минг сўмдан пул топиш мумкинлигини билишади. Уларнинг айримлари  Россия,  Корея,  Америкага, хуллас чет элга ишлаш учун кетишга шай. Чет элга кетишни истовчилар мену сиз ўйлагандан кўпроқ ҳамдир.

Энди, масалага бошқача ёндашадиган бўлсак, ёшларимиз шу ишлаётган ишларидан, касбларидан кўнгли тўладими?  Ана шу ерда муаммо чиқади.  Касбидан, ишидан кўнгли ёришмаса ўзи яшайдиган  жамият ҳақида  норози бўлиб гапиришни яхши кўрадиган одамларнинг айнан  “нусхаси”  бўлиб чиқишга мажбур.

 Ушбу қарор билан ана шундай ёшлар учун ҳам шарт-шароитлар яратилиб бериляпти. Лекин уларнинг бундан хабари,  маълумоти борми? Буни уларга биз айтишимиз, моҳиятини тушунтиришимиз керак. Улар келажагига ўзларини жавобгарман, деб ўйлашлари керак. Уларнинг масъулияти бу. Уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ватанимиз равнақига ҳисса қўшиши, замонавий билимларни эгаллаган ҳолда фаровон ҳаёт кечиришлари учун катта имкониятлар эшиги очиб берилган экан, билдирилган ишончни оқлаш, қаратилаётган юксак эътиборга муносиб бўлиш уларнинг юрт олдидаги бурчидир.  

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+