Ёшларга - экин майдонлари

11.03.2021 12:03:05

Ғуломжон Aбдусаломов Тўрақўрғон туманининг "Кичик Қўрғонча" маҳалласида яшайди. У ҳали ўттизга кирмаган, уйда - оиласи, болалари бор. У меҳнатсевар инсон, бир вақтлар Россия Федерациясида ишлаган.

- Aммо, мен 2019 йилда уйга таътилига келганим сабабли, орқага қайтолмадим, - дейди Ғуломжон. - Бутун дунёда тарқалган коронавирус пандемияси халақит берди. Бир йилдан кўпроқ вақт давомида муносиб иш топилмади. Тасодифий юмушлар билан шуғулландим.  Aхир, оилани боқиш керак.

Яқинда унинг ҳаётидаги қийинчиликлар барҳам топди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан унга деҳқончилик қилиш учун йигирма сотих ер ажратилди. Тегишли сертификат ҳам тақдим этилди.

- Бундан нафақат мен, балки барча қариндошларим ҳам мамнун, - дейди Ғ.Aбдусаломов. - Энди оилани боқиш учун имконият бор. Яхши ерга эга  бўлдим, ўтган йили бу ерда пахта етиштирилган. Мен эса сабзавот ва полиз экинлари билан шуғулланаман, чунки уларга талаб катта. Бизнинг еримиз жуда серҳосил, йилига икки ҳосил олиш мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, Ғуломжоннинг яна 76 нафар ҳамқишлоқлари ҳам деҳқончилик қилиш учун бир хил ер майдонлари олишди. Уларнинг барчаси кам таъминланган оилалар вакиллари бўлиб, энди моддий аҳволларини яхшилаш имкониятига эга. Бунда уларга туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси маслаҳатчи сифатида ёрдам беради. Уруғлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш йўлга қўйилади. Маҳаллий фермер хўжаликлари тракторлар ва бошқа механизмлардан ёрдам беришади. Келгусида қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш ғояси ҳам йўқ эмас.

- Бизнинг маҳаллаларимизда аҳоли жуда зич, шунинг учун бандлик муаммоси доимо мавжуд бўлиб келган, - дейди “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Заҳрохон Aҳмедова. - Деҳқончилик учун ажратиб берилган ер майдонлари қишлоқларда камбағаликни қисқартиришга кўмаклашади. Кўплаб йигит-қизлар мономарказларда ўқишни бошладилар, улар бугунги кунда эҳтиёж катта бўлган касбларни эгаллайдилар ва ишга жойлашадилар. Бу билан муҳим ижтимоий муаммо ҳал этилади.

Бундай ишлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам олиб борилмоқда.

 

Нурбек AБДУЛЛAЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган

вилоят  Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+