Ёшларга эътибор давлат сиёсатининг асосий йўналиши

18.03.2021 11:03:55

Юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, яъни кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадимизни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Зотан, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ҳамда профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.
Дарҳақиқат, ёшлар масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши саналади. Президентимиз 2017 йил 7 февралда имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бу орқали ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий асослари яратилди, уларнинг салоҳияти, истеъдодини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам механизми шакллантирилди.

Шу ўринда ёшлар билан ишлашда нафақат давлат муассасалари, балки фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаол иштирок этаётганини қайд этиш жоиз. Бу механизмлар, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни  қўллаб-қувватлаш йили”, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурларини самарали амалга оширишнинг омили бўлди. Ушбу дастурлар доирасида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, йигит-қизларимизни ҳар томонлама ривожланган шахслар этиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар йўналтирилди. 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам бу соҳада кечаётган босқичма-босқич, тадрижий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Жумладан, бу йилги давлат дастурида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда ёшларни жисмоний тарбия ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, баркамол авлодни тарбиялашда оммавий ахборот воситалари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш каби энг долзарб йўналишларда чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Мухтасар айтганда, амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар ёшларнинг мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлиб шаклланиши ҳамда Ватан туйғусини чуқур англайдиган, иродаси мустаҳкам, юксак маънавиятли бўлиб камол топишларига хизмат қилиши билан аҳамиятли ва диққатга сазовордир.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+