Ёшларга мотивация улашган тадбир

05.11.2021 11:11:43

Барчамиз яхши биламизки мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами бугун жуда кенг. Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти ва халқига фидойи, аждодларимиз бошлаб берган ишни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни енгиб бўладими, деган саволни олдимизга қўйсак, албатта, йўқ, деб жавоб бера оламиз. Чунки ўз мақсадларига етишда дадил ва доим янгилик сари интилувчи ёшлар бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Улар бизга куч беради, ифтихор бағишлайди.

Чекка ҳудудларда ҳам шундай кўзлари ёниб турган, ватани чақириғига лаббай деб жавоб беришга қодир бўлган ёшлар кўпайиши учун ҳисса қўшиш, уларни баркамол инсон бўлиб етишишларида мотивация бериш, ҳаётда мақсад қўйиш сирларини етказиш мақсадида “Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши ташаббуси билан  “Биз ёшлар Ўзбекистон эртаси, келажак бунёдкоримиз” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ташкилотчилар томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар хусусида сўз юритилди. Шундан сўнг тумандаги “Хумо” хусусий ўқув маркази раҳбари, партиямизнинг Ёшлар қаноти фаоли Фаррух Рустамов ёшларга муваффақият сирлари, мақсадни тўғри қўйиш, кунлик, ойлик ва йиллик режалар тузиш борасида ўзининг тажрибалари билан бўлишди. Ф.Рустамов томонидан берилган мотивация кўпчилик ёшларни руҳлантириб юборганини уларнинг кўзларидан ҳам англаш қийин эмас. Ёшлар таклифи асосида шу ҳудудда  ҳар чоракда шундай учрашувлар ташкил этишга келишилди. Ёш лидер Фаррух Рустамов кейинги учрашувгача энг кўп китоб ўқиган, тадбир давомида айтиб ўтилганларга амал қилган ҳолда кичик бўлсада натижага эришган ёшлар учун махсус совға билан келишини баён этди.

Гулмира Алимова, тадбир иштирокчиси – 11-умумтаълим мактабида ўқийман. Бугунги тадбирдан жуда катта англашлар олдим. Биринчи ўринда мақсадни тўғри қўйиб, эришиш йўлида дастлабки ҳаракатларимни аниқлаб режасини тузишни ўргандим. Келажакда моҳир педагог бўлмоқчиман. Ватанимз шаънини юксакларга кўтарадиган шогирдлар етиштиришни, эл корига ярашни истайман.

Зебо Тураева, партия фаоли, тадбир иштирокчиси – ишонасизми мени бугунги кун ёшларига ҳавасим келади. Тил ўрганиш дейсизми, кампютер технологияларими, тадбиркорликми барча соҳада эшиклар кенг очиқ. Ислоҳотлар ва ўзгаришлар даврида – ёшларга, уларнинг ўзини намоён қилишларига катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Лекин, бу имконият – қачон улкан салоҳиятга, мислсиз қудратга айланади – қачонки, мана шу ёшларимиз, қоракўз фарзандларимиз қатъият билан ҳаракат қилганда, қунт билан ўқиб-ўрганганда, Она ватан ва халқи олдидаги масъулиятни юракдан ҳис қилиб, шунга муносиб бўлишга интилганда.

Бир томонда китоблар кўргазмаси, бир томонда спорт турлари билан шуғулланаиш учун яратилган шарт шароитлар, бир тарафда қўли гул қиз-аёлларимиз томонидан тайёрланган ҳунармандчилик намуналари, ёшлар томонидан тайёрланган куй-қўшиқ ва саҳна кўринишглари тадбирга ўзгача завқ бағишлади.

Азиз Хаитов,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+