Ёшларга тўғри йўл кўрсатиш - асосий вазифамиз

29.04.2022 14:04:03

Таҳликали дунёнинг бир қатор мамлакатларида кузатилаётган турли салбий жиҳатлар, экстремизм, терроризм негизига назар ташлайдиган бўлсак, бу уларда давлатнинг ўсиб келаётган ёшларга, уларнинг жамиятдаги қизиқишлари, ҳуқуқларига манфаатларига эътиборсизлиги, ёшларга оид амалга ошираётган сиёсатининг ҳозирги замоннинг янгича таҳдидларига жавоб бермаслиги оқибати эканлигини англаймиз.

Мамлакатимизда эса ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат аҳамиятига молик устувор масала бўлиб келмоқда. Истиқболимиз эгаларининг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоя қилиш- булар юртимиздаги ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари сирасига киради.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ва Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида бугун Қарши давлат университети тадбиргоҳида «Экстремизм ва терроризм каби хавфли иллатлардан ёшларни асрайлик» шиори остида уюштирилган маданий-маърифий тадбирда ҳам шулар хусусида сўз юритилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши марказий аппарати ходимлари, партия фаоллари, депутатлар, Ёшлар ишлари агентлиги, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, адлия, оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси вилоят бошқармаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси , оммавий ахборот воситалари ва ҳар жабҳада илғор вилоят ёшлари, илм, касб-ҳунар эгаллашга чанқоқ, ҳақиқий лидер йигит-қизлар иштирок этдилар.

Анжуманни «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов бошқариб борди.

Тадбирда сўзга чиққан «Адолат» СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари ҳақида аниқ далил ва мисоллар орқали алоҳида тўхталиб ўтди. Жонажон ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва фаровонликни таъминлаш учун курашиш, истиқлолимизни асраш, муҳтарам Президентимиз олиб бораётган изчил халқпарвар сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бирдам бўлиб, огоҳликни қўлдан бермаслик ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини эътироф этди.

Тадбирда алоҳида таъкидландики, ҳар қандай экстремистик ва террористик ҳаракатнинг моҳияти бошқалар устидан ҳукмронликка ёки мавжуд сиёсий мафкуравий, ижтимоий тартиботга қарши зўравонлик, даҳшат солиш, жисмоний куч ишлатиш орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишдан иборатдир.

-Шунинг учун ҳам экстремизм ва терроризмни бутун инсоният қоралайди,-деди Дилрабо Чориева.-Аслини олганда терроризм том маънода жаҳолатдир. Бузғунчи ғояларга асосланган терроризм ва унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ҳамма даврларида, хусусан, ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бутун халқ бошига оғир кулфатлар ёғдирмоқда. Дунё миқёсида оладиган бўлсак, ҳар йили унинг тажовузидан 100 минглаб бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда. Жамият ривожланишига таҳдид солмоқда.

-Ёшларни тўғри йўлга бошлаш, эзгу ишларга ундаш учун аввало биз катталар намуна кўрсатишимиз керак,-деди тадбирда партия Марказий аппарати бўлим мудири Райҳона Ўрмонова.- Чунки бугунги глобаллашув даврида уларни бу йўлдан чалғитадиган, қалбига бегона ҳиссиётларни соладиган омиллар жуда кўп. Масалан, экстремизм, терроризм, «оммавий маданият» каби ахлоқсизликлар айрим ёшларга салбий таъсир ўтказмасдан қолмаяпти.Юртимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Биз барчамиз маънавий жипс бўлсак, ташқи кучлар осойишталигимизга рахна сололмайди.

-Адолат» СДПнинг ёшларни хавфли иллатлардан асраш борасидаги ушбу тадбирини жуда юқори баҳолайман,-деди тадбир иштирокчиси Қарши шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси, партия фаоли Ораста Тошева.-Баъзи кимсалар ёшларимиз онгига тиқиштиришга уринаётган экстремизм, терроризм каби ёт ғоялар ғаразли мақсаддан бошқа нарса эмас. Сир эмас, айрим ёшларимиз уларнинг ортидан эргашиб, катта хатога йўл қўйганини бугун англаб етишмоқда. Тадбирдан мақсад бошқа ёшларни ана шундай иллатлардан асрашдир.

Анжуманга Қарши давлат университети 2-босқич талабаси Дурдона Хўжамбердиева ҳам иштирок этди ва олган таассуротларини биз билан ўртоқлашди. Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий билим, касб-ҳунарни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлаш борасида кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

-Биз Янги Ўзбекистон ёшлари –учинчи Ренессанс яратувчилари фаровон жамият қурамиз,-деди Дурдона Хўжамбердиева.-Ана шу мақсад йўлида ҳамкор, ҳамнафас бўлишимиз, мамлакатимиз тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашишимиз, қўлни-қўлга бериб, доимо олға интилишимиз лозим. Ўйлайманки, бугунги тадбирдан тенгдошларим ана шундай якдил хулосага келишди.

Анжуманда Қарши шаҳридаги «Маҳоллот» маҳалласи жоме масжиди имом хатиби Шуҳрат Равшанов ҳам «Ислом дини тинчлик устунига қурилган диндир» мавзусидаги маърузаси билан қатнашди. Нотиқ, ислом динининг тинчликни асраш, тараққиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳаракатлари хусусида фикр мулоҳаза юритди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Қарши туманига ташриф буюриб, болалар мусиқа ва санъат мактаби «Баркамол авлод» ёшлар ижодиёт маркази ўқувчилари ижоди ва «Тинчлик менинг нигоҳимда» расмлар кўргазмаси билан танишдилар. Санъаткорлар томонидан ижро этилган тинчликни тараннум этувчи дилтортар куй-қўшиқлар, жозибали рақслар тадбирга файз улашди.Шундан сўнг иштирокчилар Абу Муин Насафий зиёратгоҳини зиёрат қилиб, Қарши шаҳридаги Қатағон қурбонлари музейига саёҳат уюштирдилар. Белгиланган режа асосида ташкил этилган анжуман барчанинг кўнглини кўтарди.

Ҳа, оиласи, ватани ва кўнгли тинч одамларга байрам, хурсандчилик, ўйин-кулгу ярашади.

«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+