Ёшларни ахборот хуружидан асрайлик

19.04.2021 14:04:10

Ўзбекистон миллий университетида “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Олмазор туман Кенгаши томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Ёшларни ахборот хуружларидан асрайлик” деб номланган давра суҳбати ташкил этилди. Партия Сиёсий Кенгаши, Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Олмазор туман Кенгашларининг бир гуруҳ фаоллари йиғилган ушбу учрашувда университет жамоаси, жумладан талабалар иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, бугунги тезкор замонда ёшларни ахборот хуружидан асраш, юзага келаётган салбий оқибатларини бартараф этиш долзарб вазифага айланмоқда. Шиддат билан ривожланаётган ахборот асрининг ўзига хос салбий жиҳатлари кези келса ёшларни тўғри йўлдан чалғитаётир. Талабалар билан ташкил этилган мазкур давра суҳбатида айнан ушбу жиҳатларга урғу берилиб, ахборот маконида вояга етган ҳар бир ёш авлоднинг ўзи мустақил ва онгли равишда зарарли томонларидан ҳимояланишни билиши муҳимлиги ташкилотчилар томонидан қайд этилди. Шунингдек, ҳаётимизда илм-фаннинг ўрни ва қадри нечоғли улуғ эканлиги айтилиб, ёшларни замонавий ахборот воситаларидан илмни чуқур эгаллашда самарали фойдаланишга чақирилди. Аксинча, ахборот оқимида яққол кўзга ташланаётган ва ёшларни ўзига оханграбодек маҳлиё қилган медиа маконнинг зарарли одатларидан ҳар дам огоҳ бўлиб туриш давр талаби эканлиги уқтирилди.

Партия фаоллари ёшларни сиёсий жараёнларга қизиқтириш, кўпроқ жалб этиш орқали уларнинг сиёсий онгини ўстириш, жамиятда етук шахс бўлиб шаклланишларида хизмат қилиши, вақтни мазмунли ташкил этишга кўмаклашиши, шу орқали ахборот хуружидан ҳимояланиш мумкин эканлигини аниқ мисоллар баёнида келтириб ўтдилар.

Давра суҳбати сўнгида университет профессор-ўқитувчилари сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтишди. Талабалар билан турли савол-жавоблар ўтказилди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+