Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилади

01.07.2022 12:07:30

Барчамизга яхши маълумки, ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиёти ҳамда ривожланиши инсон омилига, хусусан, ёш авлоднинг илмий, ижодий ва маънавий салоҳиятига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугун Ўзбекистонда ёшларнинг эзгу мақсадларини ҳаётга татбиқэтишлари, уларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Ёшлар муаммолари давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам ёшларни байрам билан табриклаб, ёшлар учун яратилажак қўшимча имкониятларни эълон қилди.

– Сизлар билан учрашиш, таклиф ва ташаббусларингизни эшитиш менга ҳар доим қувонч ва ғурур бағишлайди. Шижоат ва интилишингизни кўриб, ёниб турган кўзларингизга боқиб, ўзимга битмас-туганмас куч оламан. Сизлар мана шундай катта куч-қудрат эгасисизлар, – деди Президент.

Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланишини, уларга ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун – 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилиши таъкидланди.

Ўйлаймизки, яратиб берилаётган бундай имкониятлар бизларга ўз олдимизга бунданда улкан мақсадлар қўйишимизда, ижтимоий-сиёсий фаоллигимизни оширишда, лидерлик, ижодкорлик, инновациялар борасида малака ва кўникмаларимизни ҳосил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш лозимки ёш авлодни юксак ахлоқ ва интизомли қилиб тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва ватанпарварлик руҳида вояга етиши мамлакат иқтисодий ва сиёсий тараққиётининг калити ҳисобланади. Бу эса ижтимоий барқарорлик ва муваффақият асосидир.

Шарофат ХАСАНОВА,

«Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши

«Ёш адолатчилар» қаноти фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+