Ёшларни ёвуз, бузғунчи, қўпорувчи ғоялардан асрайлик

12.05.2021 15:05:27

11 май куни эрталаб Қозон шаҳридаги мактаблардан бирига уюштирилган ҳужум дунё аҳлини ларзага солди. Файзи кўчасида жойлашган 175-сонли таълим муассасасига икки нафар қуролланган шахс бостириб кириб, у ердагиларни ўққа тутиши оқибатида мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиси ҳалок бўлди. Хабарларга кўра, ҳужум оқибатида 11 киши ҳаётдан кўз юмган. Улар орасида 7 нафар мактаб  ўқувчиси ва бир нафар ўқитувчи бор. Яна 20 киши жароҳатланган.

Ҳужум бошланган вақтда мактаб йўлакларида ўқувчилар бўлмаган. Чунки дарслар аллақачон бошланган эди. «РИА Новости» хабарига кўра, мактабдаги отишмадан кейин портлаш ҳам содир бўлган. Ҳодиса гувоҳи бўлган ўқувчилардан бири журналистларга Қозон мактабидаги дастлабки ўқлар овози соат 9:40 да эшитилганини, бир киши бино ичига қурол олиб кириб ўқ отишни бошлаганини айтишмоқда.  Татаристон Президенти Рустам Минниханов ҳам фавқулодда вазият содир бўлган жойга етиб келди. Шунингдек, воқеа жойига вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Марат Содиқов ҳам келган. Вазирлик таъкидлашича, мактабга 21 та тез тиббий ёрдам гуруҳи ва Республика табиий офатлар тиббиёти маркази шифокорлари юборилган.

Шифокорлар, полиция ва қутқарувчилар шошилинч равишда мактабга етиб келган. Болалар таълим муассасасидан эвакуация қилинган.

Маълум бўлишича, ҳужумни 19 ёшли Россия фуқароси Ильназ Галявиев  уюштирган. Тезкор чоралар натижасида у ҳибсга олинган. Қўлга олиш пайтида у ўзининг яшаш жойига бомба қўйганини айтган. Ильназ  олдин 175-сонли мактабда ўқиган, ўқитувчилар у ҳақида яхши фикр билдирмаган. Мактабдан кейин у коллежга ўқишга кирган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. 19 ёшли ўспирин бугун қурол олишга тайёрми? Яна бир савол: у қуролни қаердан олди? Қандай қилиб ўзи таҳсил олган таълим даргоҳига қурол кўтариб кирди, беғубор болалиги ўтган муқаддас даргоҳга, у ердаги устозлари, ука-сингилларига ўқ отишга журъатни қаердан олди?

«Лифе Шот» телеграм-каналида ёзилишича, ҳибсга олингандан сўнг И. Галявиев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан суҳбатда айрим фикрларни айтиб ўтган. У полицияга ҳаммадан нафратланишини ва ҳамма унинг «Худо» эканлигини билишини исташини айтган. Шу билан бирга, у фақат таълим муассасасига ҳужум уюштирганлигини таъкидлаган. Босқинчи Интернетда жойлаштирилган материаллар орқали бомба ясашни ўрганганини билдирган.

Бу мудҳиш воқеа бугун барчамизни чуқур ўйлантириши лозим. Айниқса, демократик жамиятда ёшларнинг хоҳиш, иродалари, орзу, истакларига кенг йўл очиб берилаётган бир вақтда бу ишлар суистеъмоллик эмасми? Ҳозир тез суръатларда авж олаётган, интернет орқали дунёнинг турли бурчакларидан туриб, жангариликни тарғиб қилувчи турли ўйинларни виртуал тарзда ўйнаш  оқибати эмасмикан?!

Биз бугун келажак эгаларининг эмин-эркин ўсишларига йўл очиб берганимизнинг салбий оқибатлари бошланиши десак хато қилмаган бўламиз. Ёшлар онгини заҳарловчи оқимларнинг турли кўринишда  намоён бўлиши бу!!!

Азалий дўст юртимизда рўй берган бу воқеа бизни янада хушёр бўлишга чорлайди. Зеро, биз ҳар қандай ёвузликни маънавият билан, маърифат билан енгишга бел боғлаганмиз. Бизнинг ўз танлаган йўлимиз бор. Бу йўлда биз бошқалар қилган хатони такрорламаслигимиз даркор.

 

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+