Ёшларнинг тарбиясида жангчи-фахрийларнинг ўрни

11.12.2023 14:12:10

Мамлакатимизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, кексаларни эъзозлаш, эртамиз эгаларини баркамол этиб вояга етказишга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча 8-декабрь Конституциямизнинг 31-йиллиги муносабати билан Вобкент туман Спорт мажмуасида “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши, ҳамда Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси Бухоро вилоят бўлими, билан ҳамкорликда “Уюшмаган ёшларда маънавий мафкурани кучайтириш, уларни жамоатдаги мослашувига кўмаклашишда жангчи-фахрийларнинг ўрни” мавзусида мавзусида уюшмаган ёшлар иштирокида семинар тренинг ва хотира турнири ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси Бухоро вилоят бўлимининг раҳбари Ферузжон Ишанқулов, фахрийлар ва ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўзи билан Вобкент туман ҳокими ўринбосари Шерзод Ҳусенов очиб берди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказишда кекса авлод ва фахрий ҳарбийларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.

-“Кексалар тажрибаси ёшлар учун ҳаёт мактаби” –дейди “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов ўз нутқида. Айниқса, ватанпарварлик туйғуларини ёшларимиз онгига сингдириш, Ватанимиз тарихини мукаммал билмоқликни, тинч осуда ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда жангчи фахрийларни кўрсатган улкан жасорати ҳақида тўхталди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда барча соҳаларда ислоҳотлар жадал суратларда давом этяпти. Бу янгиланиш ва ўзгаришлар аввало фуқароларнинг манфаатлари, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун хизмат қиляпти. Бундай ўзгаришларга шукрона келтириб яшаш, имкониятлардан оқилона фойдаланишда эса мана шундай учрашувларнинг роли катта.

Шунингдек,1979-1989-йилларда Афғонистон урушида вафот этдан Вобкент тумани байналминал-жангчилар хотирасига бағишлаб спортнинг мини футбол, таэквандо, шахмат ва шашка турлари бўйича хотира турнирига старт берилди. Унда ёшлар спорт турлари бўйича ўзаро беллашдилар.

Турнир якунида “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси Бухоро вилоят бўлими раҳбари Ф.Ишанқулов ҳам сўзга чиқиб, 8-декабрь Конституциямизнинг 31-йиллиги билан барчани муборакбод эди. Шунингдек, вилоят бўлими раҳбари томонидан ўқувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбияланиши, мамлакатимиз истиқболи ва Ватан тақдири, юрт тинчлиги ва ҳимояси йўлида бор салоҳияти билан масъулиятни ўз зиммаларига олишга қодир шижоатли ёшлар бўлиб вояга етишлари лозимлиги, ҳозирги кунда Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тушунчалар берилди.

Ташкилотчилар томонидан тадбир якунида ўқувчи ёшларга турли хилдаги китоблар ва спорт кийимлари совға қилинди.

Моҳигул Раҳимқулова
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+