Ёшлик бебошликми?

09.09.2021 17:09:03

 

Ёшлик инсон ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли даври бўлса керак. Бир тарафдан, инсон ўз ҳаётининг бу фаслида куч-қувватга тўла, соғлом бўлади. Унга бутун дунё эшиклари очиқдек, истаган нарсасини қила оладигандек туюлади. Истаса, саёҳат қилади, оила қуришга тайёргарлик кўради, илм олишга ҳам, кўнгилхушликка ҳам, дўстлар орттиришга ҳам кучи етади.

Бошқа тарафдан, бу пайтда инсоннинг ҳаётий тажрибаси ва у билан боғлиқ бўлган эҳтиёткорлик, вазминлик, донолик сифатлари бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўйламай иш қилиб қўйиши, ёмон улфатлар орасига тушиб қолиши, ножўя дўстларидан таъсирланиши осон бўлади. Чунки унда ҳали яхшиликни ёмонликдан, яхши инсонни ёмон инсондан фарқлаш малакаси шаклланмаган.

Бекорга “Ёшлик – бебошлик”, дейишмайди. Киши ёшлик пайтида кучи ва турфа хил истаклари шу қадар кўп бўладики, баъзан ақлсиз одам қиладиган ишларни қилиб қўяди.

Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органларининг формасидаги қиз ва йигитларнинг видеолавҳаси тарқалди. Ушбу ҳолатни Қашқадарё вилояти ИИБ ўрганиб, изоҳ берди ўрганишлар натижасига кўра, Қарши шаҳрида яшовчи Э.Д. Я.Ш. ва Х.Х. қонун билан қўриқландиган давлат органлари вакилларининг ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини ноқонуний кийиб, видеоролик тайёрлаб, ижтимоий тармоққа жойлаштирган.

Шу тариқа ЙҲХБ формасидаги қиз Э.Д.га базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, ҳайдовчи ҳамда ЙҲХБ инспектори вазифасини бажарган Я.Ш. ва X.X. исмли йигитларга базавий ҳисоблаш миқдорининг
 4 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Афсуски, баъзан бу аҳмоқона ишлар кишининг кейинги ҳаётини барбод қилиши ҳам мумкин. Шундай экан, инсон ёшлик пайтим, деб ақлини йўқотмаслиги лозим.

                                                                                    Гулшан КАРИМОВА,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+