Ёшликнинг ғанимат лаҳзалари

06.07.2021 12:07:54

Ёшлик – умрнинг энг рангин лаҳзаси. Айни мана шу онлар инсон ҳаётидаги энг кучга тўлган, шижоати жўш урган, қалбида қайноқ ҳислар мавж урган бир даврдир. Таъкидлаш лозимки, умр оқар дарё бўлгани сингари, ёшлик фасли ҳам шу умр ўзанида оқаётган, қайтиб келмайдиган тўлқинлар сингаридир. Унинг ғаниматлигини тилга олар эканмиз, демак бу фаслдаги имкониятлардан фойдаланиб қолишимиз лозимлигини ҳис қилиб турамиз. Айнан ёшлик пайтида ҳар бир дақиқадан унумли фойдалана олиш инсонни юқори чўққилар сари етаклайди. Ва шу инсон келажаги учун мустаҳкам пойдеворни ўрнатади. Чунки ёшликда қилинган ҳар бир ҳаракат инсоннинг бутун умри давомида акс этиб боради.

Айтайлик, сиз кўчада ёши бир жойга бориб қолган, бошпанасиз, девона қиёфасидаги инсонга дуч келиб қолдингиз. У шунда сиздан мадад тилаб, садақа беришингизни илтимос қилди. Сизнинг кўнглингиз раҳм-шафқатга тўлгани ҳолда унга садақа беришга ҳаракат қиласиз. Шундай пайтда бир ўйлаб кўринг-а? Шу инсон ҳам бир вақтлар ёш бўлган-ку! Нима учун у навқиронлик давридан фойдалана олмади? Эхтимол, ёшлик чоғида у ҳам бирор бир касб-ҳунарнинг этагидан маҳкам тутганида ҳозиргидай ҳолатга тушмаган бўлармиди...  Шунинг учун ҳам ёшликнинг қадрига етиш, унинг ҳар бир олтинга тенг лаҳзасидан унумли фойдаланиш, вақтни беҳудага, ҳар хил нокерак машғулотлар билан ўтказмаслик, турли хил зарарли оқимлар гирдобига тушиб қолмаслик ва доимо огоҳ бўлиб туриш зарурдир. Зероки, давр бугунги замон ёшларидан шуни талаб қилмоқда.

Ахир ким ҳам истамайди тоза ва озода кийимларда, нуфузли давлат ташкилотларида, бирор бир курсини эгаллаган ҳолда ўтириб ишлашни... Ҳамманинг ичида ўз ички “мен”и бор. Айнан ана шу “мен” туйғуси инсонни ожизликдан, ҳимоялана олмасликдан сақлаб туради, назаримда. Боягидек кишилар эса мана шундай аҳволга тушиб қолганликлари учун ҳам уларнинг ўз “мен”и йўқ бўлиб кетиб, ўрнини ожизликка бўшатиб бергандек, гўё. Улар энди ўзларини атрофдагиларга фақат бечораҳол қилиб, раҳмини келтириб кўрсатишдангина манфаат бор деб ҳисоблашади. Шундай ҳолга тушиб қолмаслик учун келажакда замонга мос равишда интеллектуал билимли инсон бўлишга ҳаракат қилиш зарур. Бу ҳаракатни эса ҳозирданоқ бошлаш лозим. Чунки, ёшликнинг ҳар дами, ҳар сонияси ғанимат, кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Кейин афсусланиб қолмаслик учун, келинг, азиз ёшлар, ўқиб-ўрганайлик, билим доирамизни, онгимизни тафаккур ила бойитишдан чарчамайлик. Ёшлик инсон ҳаётининг энг гўзал, бетакрор дамларидир. Ушбу оний лаҳзалардан баҳра олиш ҳар биримизга насиб этсин, азизлар!

Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон ёшларини байрам билан муборакбод этаман!

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+