Ёт байроқни кўтарган(лар) ким?

03.05.2021 10:05:17

Пойтахтдаги “Халқлар дўстлиги” майдонида кўтарилган қизил байроқ миллий мустақиллигимизга дахлдор барча номусли ва ориятли ватандошларимизни жунбушга келтирди? Холбуки,қизил байроқ Ўзбекистон деб аталмиш мустақил Ватандан ташқарига улоқтирилганига деярли 30 йил бўлди. Тўғри, совет замонида меҳнаткашларнинг бирдамлик куни сифатида 1 май кенг намойиш қилинар, қизил байроқлар ҳам ўша даврда баланд кўтарилар эди. Қизил байроқ миллатимизнинг таржимаи ҳолида мудҳиш кўргуликлар, тўкилган қонлар, азоб-уқубатлар сифатида гавдаланганлиги эндиҳеч биримизга сир эмас.

Хўш, мустақиллигимизга 30 йил тўлган бир пайтда қизил байроқ кўтариш кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Бошқача қилиб айтганда, бизнинг нафсониятимиз, ғуруримиз ва шаънимизни ҳақоратлаш йўлидаги бу хатти-ҳаракатдан кутилган мақсад нима? Нима эмиш, концерт жараёнида кимдир кутилмаганда қизил байроқни кўтариб юборган эмиш! Ким бўлди, ўша “кимдир”? Неча асрлик миллий қадриятларимизни оёқости қилган, тилимиз ва динимизни таҳқирлаган, не-не олим-у, фузалолар, зиёлилар, ифтихорларимиз, эрксевар халқимизнинг қонини ичган баттол тузумнинг у ёки бу вакили қизил байроқни кўтараверса, ҳаракатларини бемалол намойиш қилаверса, бунга жим – томошабин бўлишимиз энди ҳам ғуруримизга хосми?!Фарзандларимиз енгимиздан тортиб: “Дада, она, қизил байроқ нима маънони билдиради, нега у баланд кўтарилди?”, деса бунга биз ва сиз катталар нима деб жавоб берсак экан?..

Бизнингча, гап байроқ кўтарганда эмас, байроқ кўтарганга шароит яратиб берганда!

Бу йил 18 ноябрь куни давлатимиз рамзи, миллатимиз ифтихори бўлган давлат байроғимиз баланд кўтарилганига 30 йил тўлади. Шак-шубҳасиз, биз бу кунни тантана билан нишонлаймиз. Қалбимиз фахр ва ифтихорга тўлган ўша кунда“Халқлар дўстлиги” майдонида хилпираган қизил байроқёдимиздан кўтарилармикан? Буюк шоиримиз Абдулла Орипов, “Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?” дея афсус чеккани ҳам бежиз эмас. Якдил халқ бўлиб, миллат бирлиги, жипслиги йўлида қудратли оқимга айлансак, бошимиз узра ўз байроғимиз хилпираб турса, бунга нима етсин!

Улуғбек РАҲИМОВ,

“Адолат” СДП Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+