Юксак мукофот юксак марралар сари ундайди

07.09.2021 09:09:00

Бугун қалбим қувончга ва ҳаяжонга тўлди. Сабаби, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари сафида туриб  мамлакатимизнинг келажаги, ривожи учун ўз ҳиссамни қўшаётганимдан беҳад хурсанд бўлдим.

Умримнинг унутилмас саҳифаси бўлиб муҳрланаётган ушбу кунларда айта оламанки, ҳаётимда қувончли кунлар кўп бўлган. Лекин энг азиз, энг улуғ айёмлардан саналмиш 1–сентябрь Мустақиллик байрами билан Президентимизнинг фармонига биноан «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди!

Мана шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир кишининг қалбида, айниқса, кейинги  йиллар ичида давлатдан рози бўлиб яшаш ҳис-туйғуси кучайганлиги яққол кўриниб турибди.

Юртбошимиз ҳар гал Сурхондарёга ташриф буюрганида ҳамюртларимизга нақадар ҳурмат ва эътиборда эканлигининг ҳис қилиб тураман. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг кўлами ва шиддати бугун Сурхондарёда бутун салобати, шижоати билан ўз ифодасини топяпти. Биз, партия вакиллари эса ана шу меҳнатнинг рўйи-рост ва ҳаққоний ифодачилари бўлмоғимизни тобора чуқур ҳис қиляпмиз. Халқимизга меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эътибор, ҳаётимизда адолат, адолат ва яна адолат ҳар кун, ҳар соатда юз очиб турганлигини ўз фаолиятимиз орқали ёрқин ифодалаб бермоқ биз учун ҳам фарз, ҳам қарз.

Меҳнат қилган инсон ҳамиша эъзозга лойиқ бўлган юртда яшаётганлигимизга ҳаммамиз, ҳар биримиз шукрона келтирайлик. Менга берилган мукофотни жамиятимизда эл-юртнинг хизматига камарбастаман, дейдиган ҳар бир фуқаро меҳнатига яраша обрў-эътибор топишидан далолат, деб биламан. Президентимизнинг "Хайрли ишларга ҳисса қўшаман, дейдиган инсонларни бошимизга кўтарамиз", деган сўзларига ҳаётим мисолида яна бир карра иқрор бўлдим.

Токи танамда куч-ғайрат, томиримда қон, юрагимда шу юртга муҳаббат бор экан, янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг бундан-да гуллаб-яшнаши йўлида астойдил меҳнат қилавераман. Ота юртимизга, она диёримизга кўз тегмасин! Хонадонларимиз доимо нурларга тўлиб турсин!

Мен бугун самимият ила йўғрилган дил изҳорларимни баён этар эканман, энг улуғ, энг азиз байрам- Мустақиллик айёми билан барча юртдошларимизни самимий муборакбод этаман!

 

Рустам Ҳамраев,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+