Юртга дахлдорлик ҳисси ортидан самарали натижалар бўй кўрсатаверади

27.12.2022 18:12:17

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома сермазмун фикр ҳамда мулоҳазаларга бой бўлди.  Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди.  

Ўз сўзида давлатимиз раҳбари Парламент аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам борлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, мутахассисларни жалб қилиб, жамиятимизнинг барча аъзолари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.  

Шунингдек,  Мурожаатномада таълим ва тарбия мавзуси энг устувор вазифалардан бири сифатида тилга олингани қувонарли бўлди.  

Илм саодатга элтувчи йўлдир. Айни пайтда таълимга киритилган инвестиция келажакка сармоядир. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир.  

Хусусан,  ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари,  болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарурлиги алоҳида айтилди.  Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади. Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1000 тага етказилади.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши халқимиз кайфиятини кўтаргани аниқ. Демак, аниқ режалар, шунга яраша ҳаракат ва фаолият бўлиши, истиқболли режаларни амалга ошириш борасида биз депутатлар ҳам масъулиятни оширишимиз, дадил ва халқчил таклифларимиз билан жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Эътибор қиладиган бўлсак,  2017 йилдан буён халқимиз давлатимиз раҳбарининг Парламентга мурожаатномасини интиқлик билан кутади ва катта қизиқиш билан қарши олади. Бу йилги  Мурожаатномада кўплаб соҳа вакиллари қатори ҳуқуқшунослар учун ҳам дастурий вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар муаммоларини вазирлик ёки ҳокимликлар эмас, қонун ва суд ҳал этиши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлари, аввало тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини иқтисодий ҳамда маъмурий судларда янада ишончли ҳимоя қилишни англатади.

Мурожаатномада таъкидланган судга оид яна бир йўналиш «маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади».

Бу йилги Мурожаатномада ҳам давлатимиз раҳбари томонидан келгуси йилда мамлакатимиз тараққиётини таъминлашга қаратилган олтита устувор йўналиш белгилаб берилди. Ана шундай йўналишлардан бири, бу — эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида бошланган ислоҳотларнинг мамлакат Бош қомусида алоҳида муҳрлаб қўйилишидир.

Бугун ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, мамлакатимиз сўнгги олти йилдаги ислоҳотлар даврида етарли даражадаги куч, билим, тажриба ва молиявий имкониятларга эга бўлди. Биргина мисол, Ҳаракатлар стратегияси доирасида инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан оширишга эришилди.

Жумладан, 2023 йилдан шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади. Яъни келгуси йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади.

Хусусан, тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган 26 та туман 1-тоифага, инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман 2-тоифага, шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман 3-тоифага, жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман 4-тоифага ва шароити оғир бўлган 20 та туман 5-тоифага ажратиб чиқилади.

Энди тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланиши белгиланади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.  

 Шунингдек, ушбу устувор йўналиш доирасида 2023 йилда қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилиш, (шундан 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар бўлади) режалаштирилмоқда. Жумладан, умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилиб, унга қўшимча 40 та янги йирик лойиҳа бошланади.

Дарҳақиқат,  юрт фаровонлиги йўлида режалаштирилаётган ҳар бир эзгу амал ўз самараси билан янада шукуҳли бўлиши шубҳасиз. Бунинг учун  эса давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ҳар бир мақсад йўлида бирлашиш эса халқимизнинг шижоатига бевосита боғлиқдир. Шундагина шу юртга дахлдорлик ҳисси ортидан самарали натижалар бўй кўрсатаверади.

 

М. ИБРОҲИМОВА,  Ӯзбекистон "Адолат" СДП  

Тошкент шаҳар Кенгаши

ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+