Замонавий таълим дастури – келажак пойдевори

20.10.2020 14:10:19

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим сифати – партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида партиянинг вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши томонидан “Замонавий таълим дастури – келажак пойдевори” мавзуида тадбир  ташкил этилди. Қарши шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда уюштирилган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда муҳтарам Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги маърузаси ва унда илгари сурилган муҳим ташаббуслар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга тўла ҳамоҳанг эканлиги эътироф этилди.

-Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этиб ўтганларидек, Ўзбекистон ҳар жиҳатдан бой мамлакат,-деди тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.-Гўзал ва мафтункор юртимизнинг табиий бойликлари, бой маънавий мероси, зиёли халқи ва интеллектуал  салоҳиятли ёшлари бор. Бу бойликни ҳар томонлама асраб-авайлаш, ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

-Президентимиз БМТ бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги маърузаларида ҳам бошқа кўпгина муҳим масалалар қатори ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратдилар,-деди кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти докторанти, партия фаоли Хайрулла Давланов. -Давлатимиз раҳбари баркамол ўсиб-улғайиб келаётган авлодимизни сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа бўлиб қолажагини алоҳида қайд этдилар.

Тадбирда янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётгани  ва бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилингани ҳақида фикр-мулоҳаза юритилди.

-Айниқса, “Таълим тўғрисида” қабул қилинган қонун ушбу соҳа тараққиётида янги уфқларни очиб берди,-деди халқ депутатлари қарши шаҳар Кенгаши депутати, 15-умумий ўрта таълим мактаби директори  Чамангул Муҳаммадиева.-Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан  қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилгани айни муддао бўлди.

-Шу билан биргаликда ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилгани устозларимизнинг кўп йиллик дилдаги  орзулари ушалишини таъминлади,-деди  ҳуқуқшунос, партия фаоли Дилрабо Чориева.

Бугунги мураккаб глобаллашув даврида  жамиятимизда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ёшларимизни турли зарарли ғоя ва таҳдидлардан асраш, уларни ўз мустақил фикрига эга, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётгани тадбирда қайд этиб ўтилди. Бугун умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фани жорий этилди. Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари ҳамкор ташкилотларни мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қараш,  мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, жондан азиз фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши учун кўмак кўрсатишимиз лозимлигига эътибор қаратдилар.

Тадбир қизиқарли  савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди. Мактаблар ва олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагогларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар тўлақонли жавоб қайтаришди.

                                                      Гулноза РАДЖАБОВА,

                                   Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

                                   раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+