Жаҳон тамаддунида Буюк Темур Ренессанси

20.04.2021 17:04:00

Биз  яшаб турган  муқаддас заминга,  буюк  давлатга асос  солган, қолаверса,  ўз даврида оламни тебратган, номи етти иқлимга  маълум  машҳур бўлган  улуғ  бобокалонимиз Буюк  Темур номи халқимиз  қалбида абадий  муҳрланган.

Ҳа, тарихга назар ташлайдиган бўлсак,  ҳақиқатдан ҳам  мамлакатимиз заминидан нафақат улуғ донишманд аллома зотлар, балки жаҳон цивилизацияси, ижтимоий-сиёсий  тараққиётига улкан ҳисса қўшган саркарда, хукмдор, давлат арбоблари ҳам етишиб чикқан. Шубҳасиз, улар орасида пешкадамлик миллатимиз фахри ва ғурури бўлмиш  Буюк Темурга тегишлидир. Юртимиз тарихида Буюк Темур - бир юз эллик йиллик муғул истибдодини тугатган, ўзаро парокандалик ва зулм-зўравонликка чек қўйиб, адолатли давлатчилик анъаналарини ижобий тарзда тараққий эттирган, мамлакатда илм-фан, маданият ривожига, қурилиш ва ободончилик ишларига кенг йўл очиб берган буюк давлат арбоби сифатида муҳим из қолдирди. Буюк  Темур  сиймоси, қадрияти - миллат ғурури ва шаънини англашда, миллий онгни юксалтириш ва ўтмиш воқелигини шунингдек, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат, буюк бобокалонлардан фахрланиш руҳида тарбиялашда ўзбек давлатчилиги тараққиёти, ўзбек номини жаҳонга танитишда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.  Буюк Темур улуғ мақсад йўлида илдам қадам ташлаб, тарқоқлик ва парокандатикка чек кўйди, улкан ва қудратли салтанат барпо этди.

Мана шундай буюк сиймонинг ўй-фикрлари ва қарашлари шу жиҳатдан нафақат ўз даври, балки келгуси авлод учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Буюк Темурнинг сиёсат бобида маънавий қадриятларни уйғунлаштириши, қонун ва адолат устуворлиги, ҳар бир ишни маслаҳат ва машварат билан, давлат бошқарувини шижоат, қатъийлик, фидойилик, ҳалоллик ила бошқариш лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалари глобаллашув асри бўлмиш - XXI асрда ҳам долзарб аҳамият касб этади. Буюк  Темурнинг ўзи буюк ҳукмдор ва моҳир саркарда бўлса ҳам куч-қудрат зўравонлик ва зулмда эмас, аксинча, у адолат ва ҳамжиҳатликни чукур англаб етган. Унинг давлат бошқарувидаги зеҳн-заковати, оқиллиги, ноёб ақлий салоҳияти кўплаб қийин вазиятлардан чиқиб кетишда, салтанат тизгинини ушлаб туришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу борада эса «Темур тузуклари» ноёб қўлланма вазифасини ўтайди. XXI аср давлат бошқаруви органлари, раҳбарлик даражасида ишлаётган, масъул вазифаларда фаолият кўрсатаётган шахс учун, умуман ҳар қандай зиёли инсон учун у ниҳоятда қўл келувчи қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Буюк Темур ва темурийлар даврида иккинчи Ренессансга асос солинди.   Иккинчи Ренессанс нафақат минтақамизда, балки жуда катта жуғрофий ҳудудларда сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган улуғ бобомиз, Буюк  Темур номи билан чамбарчас боғлиқ. У зот туфайли қудратли марказий бошқарувга асосланган давлат ва янги маданий-илмий юксалиш учун қулай вазият юзага келди. Буюк  Темур  ўз  салтанатида  истеъдодли олимлар, шоирлар, ҳунармандлар, меъморларни жамлади ва илму-фан тараққиёти учун керакли барча шарт-шароитларни яратиб берди. Бундай оқилона сиёсат мамлакатнинг илмий ва маданий қудратини кучайтирди.

Иккинчи ренессанс даври “Ислом маданиятининг олтин асри” деб аталиши билан бирга, фазо илми ва математика фанларининг ривожланиши билан юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Биринчи Ренессанс даврида бўлгани каби, бу даврда ҳам илм ўрганишни истовчилар бутун дунёдан оқиб кела бошладилар.

Буюк Темур салтанатида қашшоқлик   ва тиланчиликни   йўқотиш учун мамлакат хазинасидан беш фоиз пулни бева-бечоралар учун   ажратиб қўйган, бажарилиши устидан махсус шахсни тайинлаб ўзи назорат қилиб борган. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ҳам камбағалликни қисқартириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Демак, ҳар бир  даврнинг  адолатли раҳбари ўз халқининг  тўкин  ва  фаровон яшаши учун жон куйдириб келган.

Шонли тарихимиздаги ҳар иккала Уйғониш даврида ҳам энг муҳим жиҳат – давлатга ва халққа  давлат раҳбарининг юксак эътибори  катта аҳамиятга эга бўлган.  

Президентимиз тилга олган Учинчи Ренессанс ғояси  ҳам давлатнинг,  ёшларнинг,  ота-оналар ва устозларнинг орзу-истакларини бирлаштиради. Муҳими, тарих қайтариғи аждодлар тажрибаси сифатида, бу давлат раҳбарининг иродаси ва ташаббуси – унинг илм-фанга булган ишончи ва завқи ўлароқ "унинг ҳаётий армонлари" бўлиб қатъий даъват сифатида янгради. Ҳар қандай ота-она ўз фарзандининг истеъдоди барқ уришини, эл-юртга хизмат қиладиган етук инсон бўлиб улғайишини хоҳлайди. Айни шу ерда давлат-ёшлар ва ота-оналар истакларининг жисплашганини кўрамиз. Бу - тарих, бугун ва келажакни бирлаштирувчи ҳаётбахш ғоя бўлгани учун ҳам давлат раҳбари Учинчи Ренессанс масаласини миллий ғоя сифатида кўтардилар.

Аввало, илм-фанни ривожлантириш, инновацияларни иқтисодимиз ва ижтимоий ҳаётига жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилди. Юртимиз тарихида илк бор “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” ҳамда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонунлар Президентимиз томонидан имзоланди. Мазкур соҳаларни тартибга солувчи қонун ости ҳужжатлари тайёрланди. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан олимларнинг мавқеи, обрўси оширилди. Уларга қулай шарт-шароитлар яратиб берилди.

Илм-фан ва инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлик ва халқаро ҳамкорлик доирасида ривожланган давлатларнинг нуфузли олимлари билан ҳамкорликда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг шароитлар, мукофотлаш, қўллаб-қувватлаш тизими яратилди.

Мана шу мақсадлар ва белгиланган вазифалар юртимизда Учинчи Ренессанс даврининг бошланишига замин яратиши кутилмоқда.  Давлатимиз раҳбари эътироф этганларидек, халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда янги Ўзбекистон янгидан-янги юксак марраларга эришишига, инсоният бахт-саодати, фаровонлиги ва равнақи учун ўрнак бўлишига шубҳа йўқ.

Албатта, мустақил Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эришилаётган натижалар халқимизнинг буюк келажагини яратишда пойдевор вазифасини ўтамоқда. Биз халқимиз билан ҳамкор, ҳамфикр бўлиб иш юритиб, ота-боболаримиз орзу қилган буюк Ўзбекистоннинг  фаровон келажагини яратамиз. Буюк Амир Темур бобомиз бошлаган барча эзгу ишлар, буюк мақсадларни рўёбга чиқарамиз.

                                                          Руиддин  РАУПОВ,

                                  Халқ депутатлари Қашқадарё  вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+