Жаҳонда ҳеч кимдан кам эмас, балки кўпгина фазилатларда устун эканлигини исботлашга қодир авлодмиз!

02.07.2024 12:07:54

Дарҳақиқат, мамлакатимизда  Президентимиз бошчилигида биз ёшларнинг ҳар томонлама мустақил сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан эркин яшашимиз, билим олишимиз,  ўрганишимиз, касб-ҳунар ва мутахассисликларни эгаллашимиз учун кўплаб шароитлар яратилмоқда. Буни тўғри  ва виждонан  қалбан ҳис этган минг-минглаб мен каби  ёшлар мактаблар, олий таълим муассасаларида билим асосларини, замонавий фан ютуқларини, ахборот технологияларни қунт билан ўрганиб, янги Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўлишга, келгусида халқнинг  юкига елкасини тутадиган комил инсон бўлиб етишишга интиляптилар.      

Бугун мамлакатимизда биз  ёшлар учун барча қулайлик ва  имкониятлар эшиги кенг очилган бўлиб,  таълим олишимиз,  касб-ҳунар ўрганишимиз,   бўш вақтларимизни мазмунли ўтказишимиз  учун барча шароитлар яратилган. Масалан, биргина шу йилнинг ўзида олий ўқув юртларига кириб ўқиётган  талабаларнинг 322 миллиард сўмлик  контракти тўлаб берилди.

Жорий йилда вилоятимиз бўйича республика олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган ёш хотин-қизлардан 4500 га яқин ариза келиб тушган. “Ёшлар дафтари” га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар орқали аниқланиб, 405 нафар  ёш хотин-қизга ОТМга кириш учун тавсиянома берилди. Бу имконият ва имтиёз ҳам ёшларни янги-янги довонларни забт этишлари учун катта имкониятдир.  

Айни пайтда  “Эл-юрт умиди” жамғармаси  кўмаги билан 110 минг ёш  хорижга таълим олмоқда. Бундан ташқари, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиб, юрт равнақига ҳисса  қўшишга астойдил бел боғлаган ёшлар учун 338 миллиард сўм субсидия берилгани мен каби барча ёшларни мамнун этди. Айниқса, Президентимизнинг доимий  эътиборлари ва ғамхўрликлари эвазига 205 та ҳудудда “Ёшлар саноат зонаси” лойиҳаси ишга туширилиб, юзлаб йигит-қизлар ишли бўлгани ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

Давлатимиз раҳбари 28  июнь куни ёшлар сиёсатига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида   Янги Ўзбекистонда онги, шуури,  миллий ва умумбашарий қадриятларга таянган ҳолда замон ва маконда ўзлигини топишга интилаётган биз ёшларга жуда катта ишонч билдирди.  Иқтидори, истеъдоди ва салоҳиятини тўла-тўкис  намоён қилиб,  жаҳонда ҳеч кимдан кам эмас, балки кўпгина фазилатларда устун эканлигини исботлашга қодир авлод  эканлигимизни алоҳида эътироф этди.  

                                    Достон НУСУРОВ,

                                 “Адолат” СДП 

Қашқадарё вилоят Кенгаши

 “Ёш адолатчилар” қаноти

                                 етакчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+