Жамият ривожи аёлнинг мавқейига боғлиқ

17.12.2022 10:12:22

Нокамтарликка йўймасангиз, бир фикрни очиқ-ойдин айтмоқчиман. Мен узоқ йиллардан бери, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими соҳасида фаолият юритаман. Одамларнинг туғилишидан тортиб, уларнинг сўнгги манзилга равон бўлганлари ва бошқа кўплаб ҳаётимиз билан боғлиқ ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланиш нафақат фундаментал билим, тегишли диплом, балки доимий равишда ўз устида ишлашни ҳам тақозо этади.

Шу тизимда узоқ йиллардан бери ишлаб, раҳбар даражасигача фақатгина ўз билимимга таяниб эришдим. Ва раҳбарлик лавозимида ҳам узоқ йиллардан бери фаолият юритишимнинг асосий сабаби, доимий равишда ўз устимда ишлаш, соҳадаги янгиликлардан бохабар бўлишда, деб биламан. Сабаби, бизнинг тизимда билимсиз инсоннинг ишлаши жуда қийин, одамлар билан доимий равишда мулоқот, уларга зарур ҳужжатлар бўйича кўрсатмалар бериш, тушунтириш, кези келганда ҳуқуқий тарғибот масалалари билан шуғулланиш ўзига хос тажриба, кўникма лозимлигини англатади. Шу вақт давомида коррупциясиз, ўз билимим билан шу даражага етишдим, десам, балки кимларгадир эриш туюлар, лекин бу ҳақиқат. Ўз устимда ишлашим, меҳнатларим натижасида мана бугун халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатиман. Ўзим билган, таниган аёлларнинг кўпчилиги ўз билими билан юқори марраларга эришганини айтмоқчиман.

Давлатимиз томонидан аёлларнинг касб-ҳунарли бўлишлари, олий таълим муассасаларида таҳсил олишларидан тортиб, уларнинг раҳбар лавозимларида меҳнат қилишлари доимий равишда қўллаб-қувватланмоқда. Албатта, инсон қадри унга кўрсатилган иззат-икром, ҳурмат-эътибор ва меҳр билан сарбаланд. Тинч ва хотиржам юртдаги осойишта ҳаёт, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган эзгу амаллар билан у янада теран мазмун касб этади. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб фазилатлардандир. Юртимизда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги мавқейини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қизларининг олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари учун қатор имтиёзлар берилиши уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун муҳим қарор саналади. Аёлнинг жамиятдаги мавқейи юксалиши шу жамиятнинг нечоғлик ривожланганига бевосита боғлиқ. Бу масалада мамлакатимизда аниқ тизимли ишларнинг олиб борилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Маълумотларга кўра, айни кунларда вилоятда бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 30 фоизга, партияларда 27 фоизга, олий таълимда 16 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етган.

Хусусан, раҳбар хотин-қизларнинг 32 нафари олий таълимда, 19 нафари ўрта-махсус таълимда, 1 005 нафари умумий таълимда, 724 нафари мактабгача таълимда, 167 нафари соғлиқни сақлашда, 108 нафари ишлаб чиқаришда, 232 нафари қишлоқ хўжалигида, қурилишда 8 нафари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида 32 нафар, 116 нафари савдо соҳасида, 21 нафари санъат ва маданиятда, 28 нафари ҳокимият тизимида, 5030 нафари хусусий секторда, 1 296 нафари маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимида ишламоқда. Дарҳақиқат, озод ва обод, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонимизнинг равнақи, саодати, эркин ва фаровон турмушимиз замирида азизу мукаррам бўлган аёлларимизнинг фидойи меҳнати беқиёс. Зеро, тинч ва осойишта Ватанимизда яшаб, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият юритаётган, ўзи ва фарзанди тақдирини мамлакат тақдири билан боғлайдиган ҳар бир аёл эъзозга лойиқдир.

Инобат БОБОҚУЛОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Самарқанд шаҳридаги 1-сон ФҲДЁ бўлими мудири.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+