Жамоатчи мухбирга эҳтиром

05.05.2022 17:05:42

Сўнгги пайтларда “Адолат” СДПнинг нуфузи мамлакатимизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам тобора ўсиб бормоқда. Биринчи навбатда сафдошларимиз сони ортмоқда. Янги бошланғич партия ташкилотлари тузилмоқда. Яна бир жиҳат – маслакдош ҳамкорларимиз ҳам кўпаймоқда.

Косонсойлик Муҳиддин Имомадиев (Муҳиддин Омад) ана шуларнинг бири. Унинг касби – журналист. Узоқ йиллар туман газетасида ишлаган. Бир неча йил муҳаррир сифатида таҳририятни бошқарган.

Айни вақтда тажрибали қаламкаш нафақада. Лекин ижодини давом эттириб келмоқда. У ўзининг долзарб мақолалари ва лавҳалари, шеър ва ҳикоялари билан вилоят ҳамда республика матбуотида мунтазам қатнашиб келади. Бир неча йилдан бери эса “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасининг жамоатчи мухбири ҳисобланади. У ёзган материаллар мавзуси долзарблиги ва қизиқарлилиги билан ўқувчи эътиборини тортади.

Куни кеча жамоатчи мухбир “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашига таклиф этилди. Партия фаоллари сўзга чиқиб, тажрибали ва маҳоратли журналист ижодига юқори баҳо бердилар. Вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев Муҳиддин Имомадиевга Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг Фахрий ёрлиғини ҳамда эсдалик совғаларини тақдим этди.

­­-Кўрсатилган эҳтиромдан ўта ҳаяжонландим, - дейди Муҳиддин Имомадиев. -  Камтарин ижодим юксак қадрлангани илҳомимга илҳом қўшади. Бундан кейин ҳам матбуотда фаол бўламан. Айниқса, “Адолат” газетасини қўллаб-қувватлайман. Чунки сизларнинг партиянгиз ғоя ва мақсадлари менга жуда манзур. Уларни тарғиб этишдан ғурурланаман.

Тадбир қатнашчилари қаламкашга сиҳат-саломатлик ва янги ижодий ютуқлар тиладилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.    

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+