Зиммамизга шарафли масъулият юкланди

28.12.2022 07:12:51

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган жорий йилги Мурожаатномаси ўзининг кўлами ва ташаббусларга бойлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, таълим тизимига кенг ўрин берилгани соҳа ходими сифатида бизни қувонтирмоқда.

Аввало, Янги – 2023 йил мамлакатимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилингани зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Сир эмас, Жомбой тумани таълим соҳаси бўйича вилоят ва Республикада ўз ўрнига эга ҳудудлардан бири саналади. Фан, спорт, ижодиёт йўналишларида ёшларимиз эришаётган ютуқлар, тажриба ва салоҳият борасида устоз-педагогларимизнинг натижалари фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, «Ҳоким стипендияси», Тойлоқ тумани билан тузилган ҳамкорлик меморандуми каби ўзига хос жиҳатларимиз ҳам Жомбойда таълим сифатини оширишга интилиш юксалиб бораётганлигини кўрсатади. Таълимга эътибор масаласи яна бир карра давлат сиёсати даражасига кўтарилар экан, янада янги марраларни олдимизга белгилаб олишимизни тақозо этади. Зеро, Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганидек, таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўлидир.

Мамлакатимизда Конституциямизни ислоҳ қилиш жараёнлари бормоқда. Халқ муҳокамасига тақдим этилган дастлабки лойиҳада Бош қомусимизнинг 1-моддасида Ўзбекистон мақомини ижтимоий давлат сифатида белгилаш таклиф этилган. Президентимиз Мурожаатномада ушбу мавзуга тўхталар экан, кўзланган мақсад инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамларнинг муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартиришда эканини таъкидлади. «Бунинг учун биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз», - деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Қувонарлиси, ўқитувчилар мақоми, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласи Конституцияга киритилиши таклиф қилинди. Бу сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш ва давом эттириш, жамиятда устоз мавқейини кўтариш учун муҳимдир.

Эндиликда таълим сифатини ошириш борасида биздан жиддий қадамлар, янада фидокорона меҳнат қилиш талаб этилади. Бу борадаги кутилаётган янгиликлар ҳам аниқ. Келгуси йилдан бошланғич синфларда янги методика асосида яратилган дарсликлардан фойдаланишга ўтиш, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини ошириш, ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш масалалари фикримизни тасдиқлайди.

Мурожаатномада яна бир масалага алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилиши зарур, Аслида, халқаро тажрибада «А-левел» таълим дастури номи билан таниш бўлган ушбу услуб бугунги кунда Президент мактабларида самарали йўлга қўйилган. Англашимизча, энди босқичма-босқич Республикамиздаги барча мактабларда ҳам ушбу тизим кенг татбиқ этилади.

Бу борадаги дастлабки қадам, Мурожаатномага ҳамоҳанг тарзда имзоланган «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида ҳам ўз аксини топди. Президент таълим муассасалари агентлиги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги сифатида қайта ташкил этилиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурига ўтказилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, янги мактаблар қурилиши, ўқувчилар учун бепул овқатланиш тизимининг йўлга қўйилиши, янги авлод дарсликлари яратилиши каби кўплаб муҳим масалалар ҳам Мурожаатномада ўз аксини топган. Президентимиз ўз сўзи якунида Ўзбекистон педагогларига мурожаат қилди.

– Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради? Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман – Сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар, – деди Муҳтарам Президентимиз.

Шу ишончни оқлаш, шарафли касбимизга муносиб бўлиб, миллатнинг эртанги эгаларини вояга етказиш - эндиликдаги муқаддас бурчимиздир.

Шоҳиста НАМОЗОВА,

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+