Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз

09.12.2022 16:12:20

Аёл ожиза, бироқ кучли, аёл заифа, аммо иродали! Унинг иродаси олдида лозим бўлса буюклар бош эгади. Азалдан эркаклар ҳимоясида бўлган шарқ аёлларининг қадр-қиммати ҳамиша эъзозу, эътироф этилган. Бироқ сўнгги пайтларда хотин-қизларни кучли жинс вакиллари томонидан қадрсизлантириш, уларга тазйиқ ўтказиш, зўравонлик қилиш ҳолатлари ҳам афсуски кўплаб кузатилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган 25 ноябрь – «Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни» муносабати билан «Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз» шиори остида «Аёл-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» доирасида вилоятимизда бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Нишон туман Кенгаши, туман Оқила аёллар бўлими, тумандаги адлия, прокуратура, соғликни сақлаш, халқ таълими ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ташкил қилинган «Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз» мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирни кириш сўзи билан очган Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика марказининг вилоят бўлими бошлиғи Коммуна Исмоилова бугунги кунда мамлакатимизда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилгани, бу борада 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, шу билан бирга жамиятимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учраб тургани, бундай ҳолатларни энди яшириб бўлмаслиги ҳақида гапирди.

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини янада ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириш борасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров.- Хусусан, бу йўналишда 2019 йил 2 февралда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сонли Фармон, 2019 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни яққол исботдир.

Тадбир давомида вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Нортожи Мирзаева, Зарифа Очилова, туман ҳокимининг Оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосари Шоҳида Хўжақуловалар сўзга чиқиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда хотин-қизларимизни ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили, шунингдек, гендер тенглик, аёллар ва эркаклар ўртасида тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар, хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, гендер зўравонликни олдини олиш тўғрисида хабардорликни ошириш тўғрисидаги маълумот бердилар.

Муқаддас саналган оилада аёлга нисбатан қилинган зўравонликни бу юртимиз келажаги учун қилинган тажовуз сифатида баҳоланиши лозим.

Шундай экан, хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз ҳам қарздир.

Шунингдек тадбирда хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай зўравонликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда аёлларнинг муаммолари ҳақида ўз вақтида хабар топиш ва тегишли идоралар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида бугунги кунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада эришилган натижалар ижобий баҳоланиб, келгусида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, тарғибот ишларини узлуксиз давом қилдириш тўғрисида ўзаро келишиб олдилар. Амалга оширилаётган ушбу ишлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг асосини ташкил қилади.

Шаҳло Турсунова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Нишон туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+