Камбағалликни аниқлаш мезони қандай?

09.06.2020 16:06:46

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиеёв Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида мамлакатимизда 10-15 фоиз аҳоли камбағалликда яшаши ҳақида гапириб ўтди ҳамда аҳолини камбағалчиликдан чиқариш бўйича вазифалар белгилаб қўйилди.

Шу ўринда битта савол туғилади? Камбағалчилик қандай ўлчанади ва унинг бирон бир мезонлари борми? Ким камбағал? Ишсиз аҳолими, уй-жойи йўқ ёки томорқаси бўла туриб, даромад ололмаётган фуқароми?

Хўш, аҳолининг турмуш даражаси қандай ўлчанади?

Аҳоли турмуш даражаси ва сифати иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг, аҳоли даромадлари ва ҳаражатларини тартибга солиш бўйича сиёсат натижаси кўрсаткичидир. Турмуш даражасини аниқлаш учун “Истеъмол савати”дан, яъни муайян истеъмол даражасини таъминловчи товарлар ва хизматлар мажмуидан фойдаланилади.

Истеъмолнинг минимал ва рационал даражаси мавжуд. Истеъмолнинг минимал даражаси истеъмолчининг мавжуд бўлган нормал шароитларни таъминлаш чегарасидан ташқарига чиқаради, яъни у камбағаллар тоифасига айланади. Истеъмолнинг рационал даражаси бу индивид учун энг мақбул истеъмол миқдори ва таркибидир. Рационал истеъмол бюджетида харажатнинг асосий қисмини ноозиқ-овқат товарлар: маиший ва маданий мақсадлар учун мўлжалланган нарсалар, минимал истеъмол бюджет эса инсон танасининг нормал ишлаши учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган. Истеъмолнинг минимал даражаси қашшоқлик чегарасини белгилайди. “Қашшоқлик чегарасидан” пастда яшовчи аҳоли улуши мамлакатда турмуш даражасини тавсифловчи энг муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, камбағаллик мезонини аниқлаш учун аввало истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини белгилаб олиш лозим бўлади.

2020 йил 3 июнь кунги муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябрига қадар тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Хўш, истеъмол саватчаси қандай аниқланади?  

Жаҳон тажрибасида аҳоли яшаш минимумини ҳисоблашнинг қуйидаги усуллари мавжуд:

Статистик усул. Аҳоли 10-20% кам таъминланган қатламнинг ўртача даромади даражасидаги яшаш минимуми. Юксак ривожланган давлатларда қўлланилади.

Социологик усул. Зарур минимал даромадлар ҳақидаги аҳоли фикрига таяниб белгиланади. Одатда, давлатнинг яшаш минимумини ўрнатиш имкониятлари билан аҳоли фикри тўғри келмайди, бироқ бу усул аҳолининг истеъмолини тўғри белгилайди.

Ресурс усули. Яшаш минимумини иқтисодиётнинг имкониятларидан келиб чиқиб белгилаш. Бу усул ҳам юксак ривожланган давлатларда қўлланилади.

Норматив усул. Давлат томонидан минимал истеъмол бюджети қонун ва ижтимоий нормативлар билан белгиланади.

Нисбий усулда ривожланган давлатнинг аҳолиси сони даромадига кўра тенг иккига бўлинади (ярми-кам даромадли ва қолган ярми кўп даромадли аҳоли). Аҳолини тенг иккига ажратувчи даромад медиана даромади ҳам дейилади. АҚШ, Буюк Британия, Германияда –медианадан 40% миқдорида, Финляндия, Италия, Греция, Испанияда – 50%, Портулагия ва Ирландияда 60% миқдорида яшаш минимуми белгиланган.

Яшаш минимуми энг кичик миқдорининг таркиби турли давлатларда турлича қилиб белгиланган. Масалан, АҚШда “истеъмол саватчаси”га 300 номдаги, Германияда 475 номдаги, Англияда 350 номдаги, Россияда 156 номдаги товар ва хизматлар киритилган.

Истеъмол саватчаси учта асосий таркибий қисмга: озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматларга ажратиш мумкин. Истеъмол саватчасидаги озиқ-овқатлар миқдори улуши аҳолининг турмуш даражасини қай даражада эканлигини белгилайди. Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисмининг “истеъмол саватчаси”да озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши зиёд. Худди шуни бартараф этиш ва истеъмол саватчасида ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлари миқдорини ошириш мақсадида Президент томонидан ижро ҳокимияти олдига бир қатор вазифаларни белгилаб берилди. Бунда асосий эътибор, аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, бор имкониятдан самарали фойдаланишга қаратилди.

Маълумки, аҳолимизнинг кўп қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва уларда томорқа ерлари мавжуд. Маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кам таъминланганлар рўйхатида турувчи аҳолининг аксариятининг томорқаси бўлиб, уларни тўғри йўналтириш, томорқасидан даромад олишни ўргатиш бугунги иқтисодиётимизнинг асосий мақсадидир.

Истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосини яратиш орқали аҳоли камбағалликдан қутулиб қолмайди, балки уларнинг сонига аниқлик киритилади, холос. Худди шу мақсадда аҳоли даромадини оширишнинг энг самарали йўли бу фуқароларни боқиманда кайфиятдан чиқариш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтиришдан иборат бўлиши лозим.

Бундан ташқари, “истеъмол саватчаси”ни тасдиқлаш ва истеъмол бюджети чегараларини белгилаш муносабати билан мамлакат иқтисодиёти, ҳудудлари ва тармоқларида иш ҳақининг минимал чегараларини қайта кўриб чиқиш, иш ҳақи ва истеъмол бюджетининг минимал миқдори нисбатларини аниқлаштириш ва уларни босқичма-босқич тенглаштириш амалиётини жорий қилиш зарур бўлади.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчлик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+