Муштарак фикрлар ифодаси

25.09.2020 16:09:46

 

Давлатларнинг тарихий ривожланишида ёшларга бўлган эътибор муҳим ўрин эгаллайди. Ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга имкониятлар яратиш, уларнинг манфаатларини ифода этувчи ҳуқуқий база яратилиши давлатнинг келажакда тараққиёт даражасини белгилаб беради.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш таклифи берилган эди. Ушбу таклиф бутун дунёда кўтаринки руҳда қарши олинган.

Ушбу тарихий ҳужжатни қабул қилиш йўлида жорий йилда Самарқанд форуми ўтказилди. Форумда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, билим олиш, касбни эгаллаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўз сўзига ва мавқеига эга бўлиши учун шароит яратиш каби бугун дунё ёшлари олдида турган энг долзарб масалалар муҳокама қилинди. Турли давлатлардан минглаб экспертлар, таҳлилчилар ва ёшлар ушбу форумда иштирок этиб, мавжуд муаммоларга муносиб ечим, таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан тайёрланган Ёшлар хуқуқлари тўғрисидаги Халқаро Конвенция лойиҳаси атрофида жуда қизғин баҳс-мунозаралар кечди. Конвенция лойиҳаси бўйича 150 дан зиёд таклифлар ўртага ташланди. Турли хорижий мамлакатлар, тузилмалар, ёшлар ташкилотлари,  илмий доира вакилларининг аксарияти томонидан  билдирилган ижобий фикрлар муштарак бўлиб, конвенциянинг истиқболи порлоқ эканлигидан дарак беради.

Жорий йил мамлакатимиз ёшлари ҳаётида улкан имкониятлар яратилишига сабаб бўлувчи Ёшлар парламенти ташкил этилди. Унга ташаббускор, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга ёшлар жалб этилди. Натижада келажак авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданияти, сиёсий билимларини оширишга замин яратилди.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида “Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ёшлар парламенти, ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда” деб таъкидлаб ўтди. 

Дарҳақиқат, Ёшлар парламенти депутатлари томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади, шунингдек қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар шакллантирилади. Ёшлар парламентиларинг аъзолари олдида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёш ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, уларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашиш каби долзарб йўналишларда фаолиятларини амалга оширилиши режалаштирилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоялар барча юртдошларимизнинг орзу-истакларини тўлақонли ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли бўлди. Энг муҳими, унда халқимизнинг бугунидан рози бўлишига ҳамда мамлакатимизнинг ҳар соҳадаги истиқболи борасида амалга оширилиши зарур бўлган барча ташаббус ва вазифалар ўз ифодасини топди.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+