Донорлик акцияси барчани бирлаштирди

04.12.2023 11:12:30

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ташкил қилинган 8 декабрь –Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси Фарғона вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Вилоят қон қуйиш марказида эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, партия аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа турли соҳа вакиллари иштирок этди. Ҳудудларда кўнгилли ҳарбийлар ҳам бемор болажонлар учун қон топширди.

–“Адолат” партияси ва барча ҳамкорларга  бугунги фаоллик учун миннатдорлик билдирамиз, –дейди Фарғона вилоят қон қуйиш станцияси врач эпидемиологи Ойбек Юлдашев. – Айни дақиқаларга қадар 100 нафарга яқин юртдошимиз  қон топширишга муваффақ бўлди. Анъанавий бугунги тадбирда партия ходимлари биринчилардан бўлиб иштирок этгани яна бир яхшиликларнинг бошланиши бўлди.

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан ўтказилаётган мазкур акция юзлаб кишиларни қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли иш учун бирлаштирмоқда.

–Инсон саломатлиги бебаҳо неъматдир, –дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева. –Хусусан, мазкур донорлик акцияси ҳам кўплаб бемор болажонларимизнинг соғлигини тиклашда муҳим ўрин тутади. Биз ҳам бу эзгу ишга ўз ҳиссамизни қўшганимиздан мамнунмиз.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+