Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб

04.12.2023 11:12:06

Етти йилдирки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этиб келинади.

Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидовдан мазкур акцияда қатнашаётган донорларнинг беғараз ёрдамлари ва кимлар қон топшириши мумкинлиги хусусидаги саволларимизга жавоб олдик. 

– Мазкур акцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир, – дейди Аълонур Саидов. – Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат.

– Нима учун акция “Бор меҳримиз, сенга болажон” шиори остида ўтказиляпти?

– Бир томчи қон бу бемор инсон учун бутун бир ҳаёт демакдир. Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонидан берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донорлар қонига муҳтож бўлишади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. 

“Адолат” СДП томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!" шиори остидаги акция  доирасида йиғилган қон онкологик касалликларга чалинган бемор болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишда фойдаланилади. 

Мазкур акцияда турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга ўз ҳиссасини қўшиш истагидаги фуқаролар қатнашади.

– Айтингчи, инсон организмида нечи литр қон бўлади ва унинг қанчасини донор сифатида топшириш тавсия этилади?

– Инсон организмида 4,5-5 литр қон бўлади. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиздир. 

Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-450 мл. қон олинади. Организм йўқотилган қоннинг ўрнини  48 соатда қоплайди, гемоглабиндаги темир моддасини эса узоғи 2 ойда тиклаб олади. Шунинг учун ҳам қон топшириш оралиғи 2 ойдан кам бўлмаслиги керак. Шундан келиб чиқиб, тўлиқ қонни йилига 4-5 марта (эркаклар ҳар 2 ойда, аёллар ҳар 3 ойда) топшириш тавсия қилинади. Плазма ва қоннинг бошқа компонентларини ҳар 14 кунда топшириш мумкин.

– Донорлик қилиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

– Марказимизга мурожаат қилган инсон, энг аввало, “Ягона донорлик маркази” рўйхатидан текширилади. Базада рўйхатдан чиқмаса, анкета тўлдирилади. Анкетада берилган жавобларга қараб, врач кўригидан ўтганидан сўнг гемоглабин топширади. Гемоглабин кўрсаткичи эркакларда 128, аёлларда 120 дан юқори бўлса қон олинади. Гемоглабин аниқланганидан кейин, шифокор кўригидан ўтиб, донорлар залига кириб, қон топширилади. Таҳлиллар учун 3 та пробиркага қон олинади. Сўнг беморга қуйиладиган қоннинг яроқлилиги аниқланади.

Донор соғлиғи борасида маълумотга эга бўлиб туради, чунки у доимо тиббий кўрикдан ўтади ва у топширган қон бир қанча текширувдан ўтади: гемоглобин миқдори, қон гуруҳи ва резус омил аниқланади, гепатит В, С, захм, бруцеллёз ва ОИТС касалликларига текширилади. 

Бу текширишлар донорлар учун текинга ўтказилади ва керак бўлганда таҳлил натижалари маълумотнома кўринишида донорга берилади.

–  Қандай инсонлар донорлик қила олмайди?

– Ҳар бир инсон ўзида ирсий ёки сурункали касалликлар бор ёки йўқлигини яхши билади. Сурункали касалликлари бор одамлар донорлик қилолмайди. 

– Юртимиздаги энг фаол донорларнинг исм-шарифлари эълон қилинадими ёки бу сир тутиладими? 

– Ҳар йили 14 июнь бутун дунёда қон донорлари куни сифатида нишонланади. Шу куни инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган қонни ихтиёрий равишда топшираётган донорларга ҳамда қон ва қон маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги ва мавжудлигини таъминлаш учун мунтазам меҳнат қилаётганларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти алоҳида миннатдорлик эълон қилади. 

Юртимизда ҳам шу куни фахрий донорлар эълон қилинади. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Фахрий донор кўкрак нишони билан ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган Ўзбекистон фуқаролари мукофотланади.

2023 йилда фахрий донорлар сони 25 тани такшил қилди. 2014 йилдан бери эса юртимизда 123 та фахрий донор бор. Уларнинг исм- шарифлари сир тутилмайди.

– Тиббиёт талаби бўйича инсон нечи ёшгача қон топшириши мумкин?

– 18 ёшдан юқори бўлган инсонлар, оғирлиги 50 килограммдан юқори, ўзини соғлом деб билган, ирқи, касби, жинсидан қатъи назар ҳар бир инсон қон ва унинг компонентлари учун донор бўла олади.

Лекин баъзи давлатларда туғилиш кам бўлгани боис, қон топширишдаги юқори чегара олиб ташланган. Донорлик қонунларига асосан юртимизда ҳам агар ёши катта одам соғлом бўлса, врач назорати остида қон топшириши мумкин. Аммо биз иложи борича 65 ёшдан ошган инсонлардан қон олмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки юртимизда ёшлар кўп, улар донорлик қилса, аҳолига бемалол етади.

 

ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+