Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди

23.06.2023 17:06:41

Бугун ўзининг ҳунармандчилиги билан дунёга машҳур бўлган Чуст туманида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг Наманганлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб, учрашувда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг бош ишончли вакили Иномжон Қудратов томонидан сайловчиларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловчилар билан юзлашиб, мамлакат ривожи, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширишга қаратилган ғоя ва мақсадлари акс этган Сайловолди дастури ва унда илгари сурилаётган устувор йўналишлар бўйича иштирокчиларни яқиндан таништирди.

Номзоднинг Сайловолди дас­турида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, номзод дастурида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституция­вий принцип давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида таъкид­ланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократия­си институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривож­лантириш каби масалаларда изчил таклифларнинг илгари сурилаётгани тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Дастурда субсидиялар бериш тизимини янада такомиллаштириш ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш, имтиёзларни аниқ соҳаларга бериш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришни назарда тутувчи таклифлар илгари сурилаётганлиги аҳамиятлидир.

Учрашув давомида партия фаоли, Наманган давлат университети проректори Наримон Дехқонов, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Саидолим Абдурахмонов, партиянинг вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Абдулбосит Собирхонов, ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Нозима Акбарова сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлигини эътироф этиш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий тадбирда Робахон Махмудовага овоз беришга чақирди.

Учрашув якунида сайловчилар томонидан берилган саволларга Президентликка номзод Робахон Махмудова батафсил жавоб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.

“Адолат”СДП

Наманган вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

Ulashing!

Fikringizni qoldiring

Iltimos javobingizni kiriting

+