Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди

26.06.2023 16:06:10

Юртимизда муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Aйни пайтда сайлов компаниясининг муҳим босқичи - жойларда сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

Бугун “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Маҳмудованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мулоқотни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов кириш сўзи билан очиб берди.

2023 йил 9 июль санасида бўлиб ўтадиган Президентлик сайлови Ўзбекистоннинг келгусидаги барқарор тараққиёти ва ривожланиши учун муҳимлиги таъкидланди.

Сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудованинг бош ишончли вакили Иномжон Қудратов томонидан йиғилганларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова сайловчиларни ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан яқиндан таништирди.

Айтиб ўтилганидек, номзод дастурида тадбиркорлик субъектларига қўшимча харажатлар юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали қабул қилинишига эришиш, шунингдек, қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш, бу борада парламент қўмиталари ишини кучайтириш, парламент фаолиятида тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш, депутатларнинг иш вақтининг ярмини ўз сайловчилари ёнида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этишни назарда тутувчи ғоя ва мақсадлар илгари сурилмоқда.

Қолаверса, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқарув компаниялари фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаб, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш, субсидиялар бериш тизимини такомиллаштириш ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, жарималарни ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилигига қараб белгилашга доир масалаларга ҳам номзод дастурида алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, боғчаларда жамоатчилик назорати кучайтирилиб, боғча ва мактабларга очиқ, шаффоф танлов асосида ишга олиш тизимини яратиш, давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати такомиллаштирилиб, ижтимоий дорихоналар ривожлантирилиши, оғир касалликларни давлат томонидан даволашни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг реал даромадларини ошириш борасидаги таклифлар тадбир иштирокчиларининг эътибор марказида бўлди.

Учрашув давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джанибекова, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салохиддин Элмуродов ва Дилфуза Умерова, Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати Халиқова Дилдоралар сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастурида 9 йўналишда мамлакатимиз равнақи, фуқароларимиз фаровонлигига дахлдор ғоя ва мақсадлар таклиф этилаётганлигини таъкидлаш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий, тарихий тадбирда Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди.

Тадбир якунида Президентликка номзод томонидан Сайловчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

 

Ulashing!

Fikringizni qoldiring

Iltimos javobingizni kiriting

+