«Адолат»чи Севаранинг жасорати

26.04.2024 15:04:08

Инсонда истак бўлса қалбидаги улуғвор мақсадларга эришиши мумкинлигини Севара Исроилованинг тақдири мисолида бугун бешариқликлар яхши билишади. Асли Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида дунёга келиб, бугунги кунда тақдир тақозоси билан Фарғона вилояти Бешариқ тумани Зарқайнар МФЙда истиқомат қилувчи Севаранинг ҳаётга бўлган муҳаббати чексиз. Ана шу меҳр ва иштиёқ уни жамиятдаги соғлом инсонлардан кам эмаслигини, гарчи ўз оёқлари билан юра олмасада тангри берган онгу шуури, чаққон қўллари билан элга хизмат қила олиши ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишни исботлашни мақсад қилди. Унинг ҳаракатлари самарасиз кетмади. Тикувчиликни мукаммал ўрганган қаҳрамонимиз, ўзи каби ногиронлиги бўлган хотин-қизларни бандлигини таъминлашга аҳд қилади.
Ҳозирда Севара Исроилова Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Фарғона бўлими қошидаги «Мадад қўллар» МЧЖ раиси. У бош бўлган корхонада бугунги кунда 10 нафар хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган кўрпа, ёстиқ жилдлари, болалар кийимлари бежиримлиги ва сифати билан ички бозорларимизда ўз харидорларини топишга улгурди. Келгусидаги нияти эса янада улуғ. Ногиронлиги бўлган яна ўнлаб хотин-қизларни бандлигини таъминлашга, даромадини ошириш орқали турмуш фаровонлигини яхшилашга кўмаклашишни ният қилган.

-Бу меҳнатларим бесамар кетмаётганидан жуда ҳам хурсандман, -дейди Севара Исроилова. –Мамлакатимиз Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Президентимиз томонидан юксак мукофот «Жасорат» медали билан тақдирландим. Бу хушхабардан қувонч ёшлари тўкдим. Ўзимни ҳеч кимдан кам эмаслигимни ҳис қилиб, янада завқ билан меҳнат қила бошладим.

Яқинда Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши мутахассислари келиб, партия аъзоси бўлиш таклифини билдиришганида янада севиниб кетдим. Юрагимга партия депутати бўлиш ниятини туйдим. Агар депутат бўлсам ўзим каби инсонларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни бугунги кунда кўп бор айтилаётган турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишни янада кучайтириш таклифларини беришга аҳд қилдим.

 

Севара Исроилова ҳеч қачон тиниб тинчимайди. Турли хил танловлар, кўргазмаларда фаол иштирок этиб, ташкилотчиларнинг бир неча бор диплом ва совғаларини қўлга киритган.

Жасоратли партиядошимизнинг гўзал орзулари йўлдош бўлишини тилаймиз.

Лазизбек Умаров
 «Адолат» СДП
Бешариқ туман Кенгаши раиси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+