Донорлар- халқ қаҳрамонлари, деган улуғ номга муносиб

11.06.2024 15:06:38

14- июнь — Бутунжаҳон донорлар куни. Ҳаёт-шу қадар ширинки, инсон ҳар тонг кўз очиб, оламнинг ранго-ранг жилваларига назар ташлар экан, беғубор саболар исига тўйиб -тўйиб нафас олиши ҳам бир бахт аслида. Кутилмаганда инсон бошида тушадиган кулфатлар эса инсонлар аро оқибат туйғуларини синовдан ўтказади. Қон-бебаҳо неъмат, унинг ҳар томчиси беморни ҳаётга қайтариши мумкин. Беғараз донорлик орқали қонга муҳтож бўлган инсонларга кўмаклашиш одамийликнинг энг юксак намуналаридан ҳисобланади. Айниқса, автоҳалокатлар, жарроҳлик амалиёти, онкологик ёки гематологик касалликлар инсонларнинг инсонларга нажоткор қилиб, уларнинг мурувватга ундайди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши, Фарғона вилоят телерадиокомпанияси, Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида яна бир хайрли ҳаракат амалга оширилди. «Ҳаёт учун муҳим» ток шоуси. Бу ҳар бир иштирокчини, томошабинни мулоҳазага, беихтиёр атрофдаги муҳтожларга кўмак беришга ундайди.

Набирамни ҳаётини асраб қолишга ёрдам беринг!!!

-Бундан 5 йил аввал оққон туфайли 8 ёшли набирамдан айрилганман. Ҳаётга бўлган орзулари бисёр эди. Катта шифокор бўлишни орзу қиларди. Комилжон « Бобо ҳаётда яшагим келяпти, ўлгим келмайди» деган сўнгги сўзларини эшитиш қанчалик оғир бўлганлигини қанчалик оғир бўлганлигини эслаш жуда оғир, -дейди Риштон туманидан келган Нўмонжон Воҳидов. – Ҳали юрагимиздаги изтиробларимиз совиб улгурмай яна бир набирам ҳам оққон касалига чалинганини эшитиб кўзларимизга дунё тор бўлди. Тақдирни бизга синовлари кўп экан… Ойбекжон набирамни яшаб кетиши учун донорлар мурувватига муҳтожмиз. Вақти келса, бир кунда икки бор плазма қуйилиши зарур. Бўлмаса аҳволи оғирлашиб қолади. Ҳукуматимизга, донорларимизга раҳмат. Беминнат ёрдам туфайли набирам бағримизда ҳаёт қувончларидан баҳраманд бўла оляпти.

Воҳиджон акани сўзларини тинглар эканман, бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Қўшним Замирахонни 7 ёшли набираси Умиджон ҳам оққон касалига чалинган. Бола билан суҳбатлашсангиз, дунёнинг бешафқат синовларидан « дод» дегингиз келади.

— Хола. Биласизми, мен нимани орзу қиламан, -деди Умиджон кўзларимга тикилиб.

- Нимани, паҳлавоним?

— Мен дунёдаги ҳамма билимларни эгаллайман. Зўр доктор бўламан. Ойим йиғлаётганда эшитиб қолдим. Синглим Мубина ҳам мендай касал экан. Баъзан нафас ололмай қолади. Мен доктор бўлсам ўзимни ҳам, укамни ҳам, ҳаммани даволайман. Фақат… Умиджон жим бўлиб қолди.... – Жажжи кўзларидан оқаётган ёшлар юзларини ювиб туша бошлади. — Мен ўлиб қолмасмиканман? Умрим етармикан???

— Умринг етади! Ҳали сен зўр доктор бўласан!

Умиджонни бағримга босиб, ундан кўз ёшларимни яширмоқчи бўлдим. Тангридан унга умр, узоқ умр тиладим…

Умиджон ҳам тез-тез қон плазмаси қуйиб турилмаса аҳволи ёмонлашиб қолишига кўп бор гувоҳ бўлганман. Донорлик шу каби болажонларимиз учун қанчалик муҳимлигини шу воқелик орқали инсонлар билишларини жуда истардим.

-Ўзбекистон «Адолат» СДП республика Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ўтказиб ҳар йили икки бор ўтказиб келинаётган « Бор меҳримиз сенга, болажон» акциясининг жорий йил 1 июнь кунидаги тадбирда иштирок этган 400 нафардан зиёд кўнгиллилар орасидан 110 нафари махсус сўровнома асосида донорлик қилишга муваффақ бўлдилар, -дейди партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева. – Ўзим ҳам бу хайрли тадбирда иштирок этганимдан хурсанд бўлдим. Бизни чорловимизга «Лаббай» деб келган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига, шифокор ва педагогларга, жамоатчилик вакилларига ўз миннатдорчилигимизни билдираман.

 

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+