Аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасида вазифалар белгиланди

19.03.2024 13:03:08

Бугунги кунда юртимизда Янги Ўзбекистонга мос равишда бунёдкорлик соҳасида ҳам кўплаб қурилиш ишлари амалга оширилиб, фуқаролар учун қулай турмуш шароитлари яратиш мақсадида тизимли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида янгича кўриниш ва мазмун касб этмоқда.
Аҳамиятли жиҳати шуки, борган сайин халқимиз учун қурилаётган уй-жойлар сони ортиб, аҳолимиз уларни қулай нархларда сотиб олиши учун бир қатор енгилликлар яратилмоқда.
Жумладан, субсидиялар ажратиш ҳамда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари бериш орқали инсонларни уй билан таъминлаш механизмлари такомиллаштириб борилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилда уй-жойлар ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам айни шу масала муҳокама қилинди.
Унда Юртбошимиз томонидан ўтган йили мамлакатимиз бўйича 85 мингта ёки 2022 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп хонадон қурилгани, аҳолига 17 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилгани, аҳоли сонининг ўсишини инобатга олиб, жорий йилги дастур доирасида 100 мингта уй-жой қуриш режалаштирилгани таъкидланди. Янги уйларнинг сотув нархи ва сифатига эътибор қаратилиб, номутаносибликлар кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифатини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шу мақсадда, таклифни кўпайтириш учун кўп қаватли уй-жойлар қурилишига қўшимча ерлар аукционга чиқарилиши белгиланди.
Қолаверса, бу йил ипотекани молиялаштириш учун барча манбалардан 22,5 триллион сўм йўналтирилиши, жумладан, ипотека кредитлари учун қарийб 10 триллион сўм, даромади юқори бўлмаган 20 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун 2,3 триллион сўм берилиши айтиб ўтилди.
Камбағалликдан чиқариш дастурига кирган ва турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга, “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида, ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратиш йўлга қўйилади. Бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача қисми бюджетдан қоплаб берилади.
Белгилаб берилган мазкур вазифалар аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, замонавий ва сифатли уй-жойларни қуриш, ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш ҳамда республикамиз ҳудудлари қиёфасини бутунлай янги бир босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда замонавий уй-жой қурилишининг ҳуқуқий асослари яратилган ва бу жараён аҳоли учун қулай ва мақбул шартлар асосида узоқ муддатга мўлжалланган ва паст фоизли кредит бериш йўли билан амалга оширилмоқда. Зеро, бугунги кунда аҳолининг кенг қатлами учун замонавий уй-жойга эга бўлиш имконияти ва унинг қонунчилик базаси мавжуд бўлиб, бу ҳолат халқимизнинг турмуш даражасини ошириш ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+