Архитектура институтлари фаолияти қачон такомиллаштирилади?

23.11.2022 13:11:07
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим «драйвер»ларидан бири бўлиб, ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоиздан ошди. Лекин соҳа йўналишидаги таълим тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграцияси анча ортда қолмоқда. Таълим жараёнига амалиётчи мутахассислар етарли даражада жалб этилмаган. Замонавий фикрлайдиган инженер-конструкторлар етишмаётгани бор гап.

Ушбу муаммолар ечими борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаев билан суҳбатлашди.

— Дилшод Ҳамзаев, суҳбатимизни ушбу муаммолар кўламида бирон ҳаракатлар бошлангани ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан бошласангиз?

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳадаги Олий таълим муассасаларини трансформация қилиш, етук кадрларни, фан докторларини керакли кўникма ва тажриба билан бойитиш, таълим сифати ҳамда ўқув дастурларни янгилаш, уларни ҳозирги замон талабларига мос қилиб тайёрлаш мақсадида чет эл институтлари билан ҳамкорлик ташкиллаштириляпти. Хусусан, Туркия институтлари билан «таълим – илм-фан-ишлаб чиқариш» интеграциясини йўлга қўйиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 6 июль куни соҳа етакчилари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан видеоселектор ўтказилди. Ушбу видеоселектор давомида Тошкент ҳамда Самарқанддаги архитектура институтларининг ўқув дастурларини ислоҳ қилиб, таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Мутасадди ташкилотлар соҳа институтлари ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, янги факультетлар ташкил этиш, илм фаолияти ва ўқув методикасида янги босқичга чиқиш режаларини тақдим этдилар.

Президент ушбу таклифларни қўллаб-қувватлаб, бир неча устувор вазифаларни белгилаб берди. Аввало, институт бакалавр йўналишларини қайта кўриб чиқиб, фанларни такомиллаштириш зарурлигини, институтларга хорижий тажрибани жалб этишни, ўқитувчи ва фан докторларини чет элга илмий стажировкага юбориш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

— Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Унга қанча маблағ ажратилди, бу шаҳарчани барпо этишдан қандай мақсадлар кўзланяпти?

— Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.

Тадбир давомида Президентимиз: «Агар шонли тарихимизга назар солсак, ота-боболаримиз келгуси авлодлар учун улуғвор иморатлар барпо этганига гувоҳ бўламиз. Биз ҳам аждодларимизнинг мана шундай эзгу анъаналарини муносиб давом эттириб, мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқдамиз. Албатта, бундай йирик лойиҳалар кўпчиликнинг биргаликда саъй-ҳаракати, меҳнаткаш халқимизнинг фаол иштироки билан юзага чиқади», дея таъкидладилар.

— Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 8 ноябрь куни «Архитектура – қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарорда соҳани ҳар томонлама ривожлантириш борасида қандай чора-тадбирлар белгиланган?

— Қарорга кўра, авваламбор, Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига «университет» мақоми берилмоқда, Университетлар Туркиянинг Истанбул техника университети ва Йилдиз техника университетининг илғор тажрибаси асосида трансформация қилинмоқда.

Шуни қайд этиш лозимки, “THE” халқаро рейтинг ташкилотининг 2022 йилдаги рўйхатида Истанбул техника университети (1773 йилда ташкил этилган) Осиё минтақавий рейтингида 141-ўрин, «Муҳандислик ва технология» йўналишида 401-500-ўрин, халқаро рейтингда 601-800-ўрини эгаллаган. Йилдиз техника университети эса Осиё минтақавий рейтингида 301-350-ўрин, «Муҳандислик ва технология» йўналишида 801-1000-ўрин, халқаро рейтингда 1001-1200-ўрин эгаллаган.

Шу сабабдан ҳам ташкил этилаётган университетлар фаолияти халқаро стандартларга мувофиқ қуйидаги йўналишларда такомиллаштирилади. Уларнинг энг муҳимларини келтириб ўтаман. Таълим сифатини ошириш йўналишида муҳандислик ва технология бўйича аккредитация кенгаши (ABET), Миллий архитектура аккредитация кенгаши (NAAB) каби ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтган хорижий олийгоҳларнинг дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилади. Натижада мавжуд 30 та бакалавр ва 22 та магистратура мутахассисликлари халқаро таълим ва касб классификаторлари билан мақбуллаштирилади. Ўқув режадаги фанлар қайта кўриб чиқилиб, бакалавриатда фанлар сони 45 тадан 30-32 тага, ҳафталик ўқув юкламаси 28 соатдан 20 соатга камайтирилади, ишлаб чиқариш амалиёти ҳажми 30 фоизга оширилади. Университетларда инглиз тилида ўқитиладиган мутахассислик фанлари 2025 йилга қадар 15 тага етказилади. Натижада ҳар бир олийгоҳга камида 10 нафар хорижий мутахассисни университетни трансформация қилиш жараёнларига жалб қилиш имконияти яратилади.

— Илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш йўналишида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширишга йўналтирилган Олий илм-фан мактаби ташкил этилади. Менторлик модели асосида кафедраларнинг нуфузли хорижий олийгоҳ ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Натижада хорижий олийгоҳлардан университетларга жами 2023 йилда 53 нафар, 2024 йилда 70 нафар, 2025 йилда 85 нафар профессор-ўқитувчилар ташрифи ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, хорижий малака ошириш ва стажировкага 2023 йилда 62 нафар, 2024 йилда 98 нафар, 2025 йилда 132 нафар ёш ўқитувчилар юборилиши кўзда тутилмоқда. Мутахассислик кафедралари ҳузурида тармоқ корхоналари буюртмалари асосида хизмат кўрсатиш ҳамда илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштиришга хизмат қилувчи «Тадқиқот ва ривожланиш марказлари» ташкил этилади.

«Таълим - илм-фан - ишлаб чиқариш» интеграцияси йўналишида эса мутахассислик кафедралари ва юқори курс талабалари тармоқ корхоналари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига бириктирилади. Тадқиқот натижаларини синовдан ўтказиш, амалий кўникмаларни ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда иштироки йўлга қўйилади. «Аъло» баҳоларга ўқиган битирувчи курс талабалари хорижий олийгоҳларда ўқишни давом эттириш ҳамда битирув олди амалиётини чет эл компанияларида ўташ тизими жорий этилади. Юқори курс талабалари ва магистрантлар республика ҳудудларида амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларига жалб этилади.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+