Асосий мақсад — адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш

25.11.2021 15:11:18

Ўтган беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча йўналишларда бўлгани каби қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси негизида суд ҳокимияти органи сифатида Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари сифатида қайта ташкил этилиб, ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилиниб, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, суд жараёнларидаги адвокатларнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим” тамойили асосида Жиноят ишларини сайёр тартибда кўриб чиқиш тартиби кенгайтирилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилиниб, шахснинг жиноят содир этишда айбли эканлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши белгилаб берилди.

Суд жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, ушбу жараёнларда таниш билишчилик ва уруғ аймоқчилик ҳолатларини бартараф этиш мақсадида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилиниб, судьялар ўртасида ишларни автоматик равишда тақсимлаш тартиби, судларда ўз вақтида электрон тарзда ахборот алмашувини таъминловчи корпоратив алоқа тизими, шунингдек, судьялар томонидан эълон қилинган ҳал қилув қарорлари фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан барча суд қарорларини чоп этиш тартиби жорий қилинди.

Аммо бугунги жамият ривожи, демократик янгиланишлар ҳамда ўтган беш йилда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш борасида тўпланган тажрибадан келиб чиқилса, соҳада ҳали амалга оширилиши муҳим бўлган бир қатор чора-тадбирларга зарурат борлиги сезилмоқда.

Шу боисдан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг янги муддатга Президентлик лавозимига киришиш нутқида эълон қилган, мамлакатимизнинг келгуси беш йилликдаги тарақиётини белгилаб берувчи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг иккинчи йўналишида айнан адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлаш энг асосий ва устувор вазифа сифатида белгилаб берилганини маълум қилди.

Жумладан, одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Маъмурий судлар фаолияти халқаро андозалар асосида такомиллаштирилади. Суд тизими хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган органга айланади. Бу эса ўз навбатида, жамият тараққиётига, одамларнинг суд тизими ва бошланган ислоҳотлага ишончи ортишига ҳамда давлатнинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Шунингдек, келгуси беш йилда тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. Қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиб, хусусий мулк устуворлиги асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади.

Ушбу йўналишда белгилаб олинган яна бир муҳим масала бу — коррупцияга қарши курашишдир. Сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашни давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Давлат харидларини амалга ошириш борасида коррупцияни бартараф этиш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди. Субъектив контактни минималлаштириш мақсадида давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиляпти.

Энг кўп коррупция ҳолати учрайдиган ер участкаларини ажратиш жараёни электрон онлайн аукцион орқали амалга оширилиши тартиби жорий этилди. Коррупцияга қарши тарқоқ ҳолда кураш олиб боришнинг олдини олиш мақсадида Президентимизнинг Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилди.

Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситалари сафарбар этилади. Эндиликда, коррупцияда айбланганларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чоралар кўрилади. Коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади.

Аммо, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боисдан, таълим муассасаларида Коррупция мавзусига бағишланган дарсларни ташкил этиш тизими йўлга қўйилди. Барча олий таълим муассалари ва давлат идораларида ушбу иллатга қарши курашувчи алоҳида тизим ишга туширилди.

Хулоса қилиб айтганда ушбу йўналишда белгилаб олинган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда, шунингдек, қонун устувор бўлган, халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳимдир. Бунда эса, биз халқ вакилларининг жойларда доимий равишда сайловчилар билан мулоқот ўтказиб, янгидан қабул қилинган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишдаги вазифамиз алоҳида аҳамиятга эга.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+