Атлас ва адрас — либосларнинг шоҳонаси

15.04.2024 10:04:07

Дарҳақиқат, йилнинг исталган пайтида кийилса ҳам, ўзининг жилваси билан кўрган кўзни қувнатадиган атлас ва адрас ўзбек халқининг қадимий миллий матоси ҳисобланади. Ушбу матодан тикилган либослар аёлларимизни янада гўзал ва латофатли қилиб кўрсатади.
Наманган вилоятида ипак хомашёсига жило бериб, ўзига хос тарзда шойи матолар тўқиб чиқарадиган ҳунармандлар кўп. Ипакчилик соҳасини ривожлантириш ва мато ишлаб чиқариш учун хусусий тадбиркор ва ҳунармандларга кенг имкониятлар яратилганлиги бу соҳада янги қирраларнинг очилишига сабаб бўлди. Баҳор фаслида анъана сифатида ўтказиб келинаётган «Хон атлас» ҳафталиги Наманган давлат университетининг профессор ўқитувчилари ва ходимлари томонидан ҳам ўзига хос тарзда кенг нишонланди.
Ранг-баранг ипак матолар жилосидаги бетакрор гўзалликни тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси аъзоси, органик кимё кафедраси катта ўқитувчиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Дилрабо Ҳайдарова ҳам фаол иштирок этди.
Миллий атлас ва адрасларимиз руҳиятни тетиклаштирувчи, кайфиятни кўтара олиш каби хусусиятларга эга. Бу либосни эгнига кийган аёлларда ҳаё билан ғурур ўзининг баланд чўққисига чиқиб олади. Ипак жилосида ватаннинг рангларга кўчган шуъласи нур таратади.
Ҳа, замон янгиланиб, тараққиёт юксалган сари ипак матолар — атлас ва адраснинг шакли-шамойили ҳам ўзгариб бораверади. Бу дегани, ушбу матодан тикилган бичимлар ҳар қандай замонда ҳам замонавий русумлар шоҳсупасининг юқори қисмида, маликалар либоси сифатида ўз жойини бўшатмай бораверади деганидир.

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+