Аёл бахти - эътибор ва эъзозда

23.04.2024 17:04:14

Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш миллий менталитетимизга хос олийжаноб хусусиятлардан биридир. Шу маънода Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқейини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Open Data Watch ташкилотининг «Гендер Data Compass» рейтингида 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон 37 балл тўплаган ҳолда 185 та мамлакат орасидан 56-ўринни, Марказий Осиё минтақасида эса, 3-ўринни эгаллагани бунга мисол бўла олади. Мамлакатимиз Президенти аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларимизнинг билимдон, замонавий мутахассис, малакали касб эгалари бўлишлари ҳамда соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, биринчи навбатда, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Маълумки, миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг, оилада эса аёлнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида ва она тарбияси билан шаклланади. Мамлакатимизда юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни, уларнинг оилага бўлган муносабатлари, ижтимоий ҳаётдаги роли ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги боис уларнинг мавқейи ҳар жиҳатдан юқори баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар ҳуқуқини халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги (CЕДАW), аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияларга қўшилди. Юртимизда хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлашга, уларни улуғлаш ва қадрлашга, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш ва гендер тенглигини таъминлашга қаратилган миллий ҳуқуқ тизими яратилиб, бир қатор қонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 ноябрдаги «Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларини эътироф этиш мумкин. Шунингдек, 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг 25-мақсадида гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 40 фоизга ошириш белгиланганлиги бунинг яққол далили. Қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда асосий мақсад юртимиз аёлларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, опа-сингилларимизнинг фаоллигини оширишга, уларга маънавий-руҳий мадад беришга, қолаверса, уларни турли таҳдид ва қотиб қолган эскича қарашлардан ҳимоя қилишга қаратилган. Жамиятимизда хотин-қизларнинг давлат қурилишидаги иштирокини ошириш мақсадида сиёсий партиялар фаолиятида ҳам аёллар ролини кучайтириш, партия аъзоларининг муайян қисмини аёллар ташкил этишига эришилди ва республикамизда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар қошида «Аёллар қанотлари» ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 70 ва 91-моддаларига мувофиқ, сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини аёллар ташкил этиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 48 нафар депутат аёлларимиз, 32 фоизни, Сенатида эса 24 нафар сенатор аёллар – 24 фоизни ташкил этади.

Халқаро даражада аёллар мақомини ошириш ва уларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлашда республика давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ва илмий ташкилотлари бир-бири билан уйғунликда фаолият юритишяпти. Улар қаторида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Партиянинг сайлов олди дастурида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш ва сиёсий билимларини оширишга қаратилган «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида «Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз», «Адолатли жамиятда аёл бахтли бўлади», « Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш- демократик жамият пойдевори» мавзусида турли хил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши мисолида айтадиган бўлсак, 2024 йилнинг I-чорак даври давомида аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, оилада зўравонликни олдини олишга қаратилган 50 дан зиёд тадбирлар ташкил этилди. Унда 200 нафардан зиёд хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди. Бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад хотин-қизларимизни сиёсий жараёнларда нафақат фаол иштирокчи, балки жамиятимизнинг катта кучига, шу билан бирга ҳал қилувчи омилига айлантиришдир. Зеро, жамиятда сиёсий, ижтимоий- маънавий муҳит барқарорлиги аёлларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ.


Нурлибой Каипбергенов
«Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+