Аёлга нисбатан зўравонлик қилиш — оғир жиноятдир

17.04.2024 11:04:09

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида “Аёллар дафтари” шакллантирилмаган. Мамлакатимизда эса Президентимиз ташаббуси билан бу “дафтар” муаммоси бор бўлган опа-сингилларимизнинг ҳаёти, истак ва дардларини ифода этади. Вилоятда аёллар дафтарига киритилган 87 минг 857 нафар хотин-қизга доимий равишда кўмаклашиб келиняпти. Айниқса, ишсиз хотин-қизларнинг 2 минг 551 нафарига деҳқончилик қилиш учун 1 минг 444 гектар ер ажратилгани, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармалари ҳисобидан 10 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилгани айни муддао бўлди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман Кенгаши ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида "Оқмачит" МФЙ да партиянинг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида “Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.


- Мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун мутасадди ташкилотлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кенг қамровли ишлар олиб бориляпти, - деди халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Дилрабо Темирова. - Шуни алоҳида қайд этиш керакки, амалга оширилаётган ишларга қарамасдан, аёллар билан боғлиқ бир неча мудҳиш ҳодисалар ҳам кузатилаётгани ачинарлидир. Буларнинг бари вилоятимизда тезкор ечилиши лозим бўлган қатор долзарб муаммолар борлигини намоён қилмоқда. Шу туфайли ҳам ҳуқуқий онги ва маданияти юксак ҳар бир зиёли, нафақат аёллар, балки барчамиз биргаликда инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш учун ҳали кўп ишлар қилишимиз керак .
- Давлатимиз раҳбарининг зўравонликка учраган аёлларга ёрдам тизимини янада яхшилаш юзасидан қарори қабул қилинди, - деди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” раиси Шаҳло Турсунова. - Шу туфайли реабилитация ва мослашув марказлари орқали уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш чораларини кўриш лозим. Биз партия фаоллари ва хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳамкорликда “Энг ибратли оила”, “Энг китобхон оила”, “Энг намунали оила бекаси” каби кўрик-танловларини мунтазам ўтказиб, оилаларда аёлларнинг мавқейини янада ошириш борасида амалий ишлар қиляпмиз. Бундан ташқари ижтимоий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаяпмиз.
Юртимизда хотин-қизларни эъзозлаш, орзу интилишларини рўёбга чиқариш учун бир қатор ишлар қилинмоқда. Инсонга, умуман шахсга нисбатан зўравонлик қилиш, уни таҳқирлаш, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш - асло кечириб бўлмайдиган ҳолат, оғир жиноят эканлиги одамлар онгига чуқур ўрнашсагина, натижа кутилганидек бўлади. Бу энди фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар, таълим-тарбияга масъул тузилмалар иши эмас, балки барчамизнинг вазифамизга айланиши зарур.
Тадбир сўнгида хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан тегишли жавоблар олишди.

Шодмон Эшбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати ёрдамчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+