Чинобод чиндан обод бўладими?

07.04.2021 20:04:00

Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш ҳамда коммунал соҳадаги муаммоларини бартараф этиш  бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган янгича тизим – маҳаллабай ва фуқаробай асосида халқ билан мулоқот қилиш, иш ташкил этиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечимини топиш каби масалаларга депутатлар томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашига 32-Чинобод сайлов округидан сайланган депутат Гулнора Аҳмедова ўз сайловчилари билан учрашиб, яқиндан мулоқот қилди. Маҳаллалардаги ижтимоий муҳит, инфратузилма, коммунал соҳадаги камчиликлар борасида   Толиб Сойипов, Шахло Акромова, Рустам Абдуллажонов ва Шариф Мусаметовларнинг мурожаатлари тингланди. Абдулла Авлоний, Бардавом, Чинобод кўчаларидаги бугунги аҳвол ҳақида батафсил маълумотлар олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, “Чинобод” маҳалласи жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтиришга эътибор қаратилади.

Депутат Г. Аҳмедова “Обод маҳалла” дастури асосида маҳалла аҳлини электр энергияси, ичимлик суви, кўмир ва табиий газ билан ишончли таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва чиқаришнинг зарур инфратузилмасини яратиш белгиланганлигини атрофлича тушунтирди. Шунингдек, ҳар бир оила энергия ва коммунал хизматлар учун тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириши ва хонадонлардаги ўлчов-ҳисоблаш ускуналарининг бир маромда ишлаши учун маҳалланинг масъулиятини кескин ошириш кераклиги ҳақида гап борди. “Обод маҳалла” дастурини режа асосида тўлиқ ва кам-кўстсиз амалга оширишда эса жамоатчилик, шу жумладан депутатлик назорати зарурлигини таъкидлади.

Шу куни депутат 25 ёшли ҳунарманд Мафтуна Камилова фаолияти билан ҳам танишди. Мафтуна “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини биносидаги бўш турган 2 та хонадан фойдаланиб, 18 нафар хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаб келмоқда. Келажакда фаолиятини кенгайтириб, маҳалладаги 100 нафар  ёшларни бандлигини таъминлашни мақсад қилган бўлиб, бунинг учун имтиёзли кредит олиш ниятида эканлигини айтди. Депутат ёш тадбиркорга яқиндан кўмак беришига тайёрлигини билдирди.

Чинободлик сайловчилар ва депутат ўртасидаги мулоқот жараёнида “Обод маҳалла” дастури асосидаги ишларнинг бориши, мутассадилар томонидан амалга оширилаётган ишлар доимий назоратга олиниши ҳақида келишиб олинди.  “Обод маҳалла” дастури боис Чинобод чиндан обод бўлишига, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар барҳам топиб, натижада маҳалла аҳолисининг ўзи яшайдиган ҳудудини асраб-авайлаш ва сақлашга масъулият билан ёндашиш ҳисси ошишига ишонч комил бўлди.

 

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+