Депутат аралашгач, 22 нафар фуқаро ишли бўлди

26.10.2021 14:10:38

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари одамлар билан юзма-юз мулоқотларда ўртага ташланаётган ҳар бир жумбоққа жиддий эътибор билан қараяптилар. Муаммонинг ечимини топиб, норози кайфиятда юрган фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилишга ҳаракат қилаяпмиз.

Бу борада депутатлик гуруҳимиз аъзоси Ҳаққул Ишимов фаолияти диққатга сазовор. У одамлар билан учрашувлар ўтказиб, камчиликларни жойида бартараф этиб, сайловчилар ишончини оқлаётир. У ҳозиргача фуқаролар мурожаати асосида тегишли ташкилотларга 30 га яқин депутатлик сўровлари юборди. Энг қувончли томони шундаки,  у киришган ҳамма муаммо ўз ечимини топди.

Депутат Ҳаққул Ишимов шу йил июнь-июль ойларида партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда сиёсий кучнинг “Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар натижасига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли маълумотлар тайёрланиб, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2021 йил 10 август кунидаги сессиясига масала киритилди ва келажагимиз ворислари таълим-тарбия олаётган таълим муассасаларидаги камчиликлар бартараф этилди.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб МФЙлардаги уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйича “Спортни сев-спорт билан яша” шиори остида “Депутат кубоги” мусобақаси ни мунтазам ўтказиб келаяпмиз. Биргина ўтган ойда уюштирилган спорт мусобақаларида 8 та вазн тоифасидаги 120 нафар ёшлар қизғин беллашдилар. Мусобақалар якунига кўра кучлилар сараланиб, ғолиблар рағбатлантирилди.

2021 йилнинг 3 август куни “Пахтазор” МФЙдаги 4/65 уйда яшовчи фуқаро Гулруҳ Ахмедова уй-жой масаласида субсидия олишида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мен ушбу аризани ўрганиб чиқиб, тегишлилиги бўйича Қарши шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи номига депутатлик сўрови юбордим. Масъуллар томонидан жумбоқ август ойининг учинчи ўн кунлигида ҳал этилди.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Қаҳрамон Рўзибоев ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иш билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш мақсадида маҳалла ёшлари ўртасида мунтазам равишда “Биз пандемияни спорт билан енгамиз” шиори остида спортнинг волейбол, футбол, шахмат-шашка, теннис, турникка тортилиш турлари бўйича депутат кубоги учун мусобақаларини ташкил этди. Унда шаҳардаги барча маҳаллалар ёшлари қатнашиб келаётир.

Шу йил 5 июль куни шаҳримиздаги “Беклар” МФЙда яшовчи фуқаро Холмирза Райимқулов депутатлик гуруҳимиз аъзоси Алишер Ишназаровга ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилди. Депутат мурожаатга асосан Холмирза Райимқуловни Қарши шаҳридаги 5-мактабга ишга жойлашишида ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, Алишер Ишназаров “Навоий” МФЙда яшовчи 30 та эҳтиёжманд оилаларга кийим-кечак, озиқ-овқат ва болалар учун спорт анжомлари тарқатди. 3 нафар ногирон болага эса эшитиш мосламаси олиб берди.

Амалдаги йилнинг 10 август куни “Каманди” МФЙда жойлашган 25-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ва ота-оналар Алишер Ишназаровга мактаб таъмирталаб бўлиб қолгани, пол ва том қисмлари яроқсиз ҳолга келгани, информатика хонаси учун 15 та компьютер 2 та принтер, 2та электрон доска кераклиги юзасидан ёзма равишда мурожаат қилишди. Алишер Ишназаров мактабдаги аҳволни ўрганиб чиқди ва аҳоли мурожаати тўғри эканлигини аниқлаб, Қарши шаҳар ҳокими ўринбосарига депутатлик сўрови юборди. Ўтган ойнинг бошларида мактабдаги барча камчиликларга ҳокимлик мутасаддилари томонидан барҳам берилди.

Депутат Чамангул Муҳаммадиева  шу йил июль ойида “Пахтазор” МФЙ аҳолиси билан учрашганида одамлар кўчаларнинг носозлигидан шикоят қилишган эди. Депутатнинг ўз вақтидаги саъй-ҳаракати туфайли ҳозир маҳалланинг “Тинчлик” кўчасидан 2 километр масофага, “Баркамол” кўчасидан эса 600 метр масофага Қашқадарё вилоят автомобил йўллар ҳудудий бош бошқармаси йўлсозлари томонидан асфальт қилиб берилаяпти. Депутатимиз фуқароларнинг мурожаатига бефарқ эмас. “Комилон” МФЙда умргузаронлик қилаётган Гўзал Муртозаева депутатга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 20 миллион сўм субсидия олиб беришда амалий ёрдам сўраган эди. Чамангул Муҳаммадиева фуқаро мурожаатини  маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Қарши шаҳар бўлими ҳамкорлигида ҳал қилишга эришди. Фуқарога субсидия берилиб, тикув машинаси билан таъминланди.

Дарвоқе, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда депутат Акмал Бегматов ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Унинг бевосита кўмаги билан шаҳардаги “Темир йўлчилар” ва “Буюк Турон” МФЙда янги қурилган уйлардаги электр энергияси таъминоти билан боғлиқ фуқаролар мурожаати 28 сентябрда ўз ечимини топди. Депутатнинг кўмаги билан “Чармгар” МФЙда яшовчи фуқаро Н. Каримовга даволаниш учун ордер олиб берилди. Депутат 5 сентябрь куни “Буюк Турон” ва  “Темир йўлчилар” МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказганида кам таъминланган оилалар фарзандлари ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун иш йўқлигидан шикоят қилишган эди. Депутат мурожаатларни пухта ўрганиб, оз эмас  22 нафар фуқарони шаҳар ободонлаштириш бўлими орқали мавсумий ишларга жойлаштирди. Бу каби хайрли ишлардан ташқари депутат Акмал Бегматов аҳоли мурожаати асосида тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда “Темир йўлчи” МФЙга қарашли барча ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизишга муваффақ бўлди.

Умуман олганда, депутатлик гуруҳимиз аъзолари одамлар мурожаатини ўз вақтида эшитиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор бераяптилар. Шу билан биргаликда мамлакатимиз тараққиётидаги муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, айниқса, партия ташкилотлари ҳамкорлигида тарғибот–ташвиқот ишларида ҳам ўзгача намуна кўрсата олдилар. Биз “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва ғояларини халқ ўртасида кенг тарғиб этишда бундан буён ҳам фаолликни қўлдан бермаймиз.

                                                      Ҳусниддин БЕРДИМУРОДОВ,

                                Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги

                               “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

                  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+