Депутат аёлларга бир ойга ё бир йилга етадиган эмас, бир умрга татийдиган ҳунар сирларини ўргатди…

16.07.2024 16:07:58

Бугун жойларда ечимини кутаётган масала ёхуд аҳолини қийнаётган турли ижтимоий муаммо ҳақида гап кетганда, кўпинча шу ҳудуддан сайланган депутатларнинг фаолияти ҳам турли ракурсда, ҳақли равишда тилга олинади. Ва бу бежиз эмас. Негаки, депутат халқ ишонч билдириб сайлаган вакил, биринчи навбатда, сайловчиларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланиши, унинг ечимини топишда ташаббус кўрсатиши керак.

Хўш, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вилоят Кенгаши депутатлари бу борада етарли ташаббус кўрсата оляптими? Сайловчилар ўзларини қийнаган масалаларни депутатга етказиб, ечим оляптими? Шу каби саволларга вилоят Кенгаши депутати Гулбека Қўчқорова фаолияти мисолида ҳам жавоб олиш мумкин.

Гулбека Қўчқорова тикувчиликка бўлган ҳавас туфайли бугунги кунда тадбиркорлар учун яратилаётган имконият, шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, Пастдарғом туманидаги «Бека-Чарос» корхонасини ҳам бошқариб келмоқда. Корхонада айни пайтда 50 га яқин ишчи меҳнат қилиб, 90 турдан ортиқ кийим-кечак тайёрламоқда.

– Ҳозирги кунда оилалардаги моддий етишмовчиликлар, камбағалликнинг асосий сабаби ишсизлик экани ҳеч кимга сир эмас, -дейди суҳбатдошимиз. — Мен сайланган округда 17 та маҳалла мавжуд. Ҳудудда 39797 нафар аҳоли яшайди. Ишсиз фуқаролар сони эса 1082 нафарни ташкил этади. Тўғри, аслида бу унчалик катта рақам эмас. Аммо, бир киши ишсиз бўлса ҳам бир оиланинг қозони қайнамаслиги мумкин. Депутат этиб сайланганимдан сўнг, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида билдирилган мурожаатлар асосида 17 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ёрдамида тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашдим. Ўзим ёнида туриб, тадбиркорлик сирларини ўргатдим. Фуқаролар «Маҳалламизда ички йўллар таъмирталаб ҳолатда», «Бандлик масаласида ёрдамингиз керак», «Ичимлик суви му­аммосини ҳал этишда кўмаклашсангиз», «Темир дафтар» ёки шу каби бошқа дафтарлар рўйхатида тураман, уй-жой олиш учун ёрдам кўрсатинг», мазмунида мурожаатларни ўртага ташлайди. Уларнинг ҳар бирига жавоб топиш, муаммога ечим топиш учун тегишли ташкилот идораларга жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 21 та депутатлик сўровини юбордим.

Фаолияти мобайнида депутат сайлов округи ҳудудидаги кам таъминланган оилалар ҳолидан мунтазам равишда хабар олади. Хотин-қизлар ҳуқуқий фаоллигини ошириш йўлида учрашувлар ташкиллаштиради. Одамларнинг юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлардан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятидаги ўзгаришлардан бохабарлигини ошириш ва уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, йўллаган мурожаатларининг эътиборсиз қолмаслигига ишонтириш унинг асосий мақсадларидан.

Шу мақсадда Гулбека Қўчқорова бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида аҳоли учун навбатдаги сайёр қабулини ўтказди. Унда аҳолидан 37 та мурожаат келиб тушди, шундан 7 таси бандлик масаласида бўлса, қолган мурожаатлар мазмунини ичимлик суви таъминотини яхшилаш, уй-жой билан сотиб олишда амалий ёрдам, саломатликни тиклаш, электр симёғочларини янгисига алмаштириш, ички кўчаларни таъмирлаш, имтиёзли кредит олишда кўмаклашиш, болалар учун майдонча қуриш масалалари ташкил этди.

– Кимдир иш сўраб мурожаат қилади, оиласида моддий етишмовчиликлар сабаб сиқилган хотин-қизларни кўраман,-дейди партиянинг Пастдарғом туман Кенгаши раиси Хонбуви Хайитова. — Ана шундай пайтда дарҳол Гулбека Қўчқарова билан боғланиб, фуқаролар муаммосига ечим топишга ҳаракат қиламан. Мана бугун ҳам сайёр қабулнинг ўзидаёқ 5 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлашга эришдик. Аминманки, энди бу хотин-қизлар ўзининг пешона тери орқасидан рўзғорига нафи тегади, кишилардан қандайдир ёрдам кутмасдан, ўзлари ҳаракат қилишади. Уларнинг орасидан Гулбека Қўчқоровадек тадбиркорлар ҳам чиқиши аниқ. Гувоҳи бўлганмизки, бугунги кунгача Гулбека юздан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминлади. Имконияти, шароити оғир бўлган юзлаб хотин-қизларга касбини ўргатди, бугун улар шуни ортидан нон топяпти. Мураккаб вазиятга тушиб қолган, қарийб кўчада қолган ўнлаб аёлларга ёрдам берди. Унинг ёрдами фақат моддий ёрдам билангина ўлчанмади, у аёлларга бир ойга ёки бир йилга етадиган эмас, бир умрга татийдиган ҳунар сирларини ўргатди. Шу боисдан ҳам уларнинг кўпчилиги опани йўқлаб келади, яхшилигини унутмайди.

Бандлик масаласида мурожаат қилган 5 нафар хотин-қизга «Бека Чарос» корхонаси томонидан иш таклиф этилди. 2 нафар фуқарога Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мавсумий иш ўринларини тавсия қилди.

– Гулбека ўзи сайланган ҳудуддаги аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этишга ўзига хос усулда ёндашади, -дейди Тўқбой маҳалласи раиси Фахриддин Каримов.- Ҳар бир мурожаатга алоҳида масъулият билан қараб, ечим топишга ҳаракат қилади. Маҳалламизда ички йўлларини таъмирлаш, ҳудудга болалар учун ўйин майдончасини қуриш, 180 та электр симёғочни янгисига алмаштириш борасида депутатга ўз таклифларимизни билдирдик. Яқинда маҳалламиз йўлларини таъмирлаш ишлари учун «Ташаббусли бюджет»да иштирок этиб, ғолиб бўлгандик. Таъмирлаш ишлари давомида депутат билан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ажратилган маблағнинг оқилона сарфланишини назорат қилиш борасида келишиб олдик.

Лола САЙИДОВА,

«Адолат» СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+