Депутат кўмаги билан Барчиной мақсадлари сари интилмоқда

19.04.2024 16:04:58

Янгиариқ туман “Қўнғирот” маҳалласида жойлашган 14-сон умумтаълим ўрта мактабининг 9-синф ўқувчиси - Барчиной Каримова билимга чанқоқ, мақсадлари муштарак ёшлар сирасига киради. Бир неча йил олдин Барчиной оғир касалликка чалинган онасидан эрта ажраб, отаси билан ёлғиз қолган. Барчинойнинг яшаш шароити анча қийинлашди, моддий томондан қийинчиликлар бу оилани ҳам четлаб ўтмади. Маҳалла фаолларининг ёрдами билан “Темир дафтар” рўйхатига киритилди.
Барчинойнинг олдига қўйган мақсадлари, унинг тиришқоқлиги, маънавияти партиямиз фаолларининг эътиборидан четда қолмади.
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати, партиямиз ва таълим соҳасининг жонкуяр фахрийси - Шер Матяқубовнинг саъй-ҳаракатлари билан Барчиной Каримова туманда фаолият юритаётган “Дона Зиё” ўқув марказида бепул ўқишни давом эттирмоқда.


Барчиной Каримова, суҳбатдош:
– Онамнинг вафотидан сўнг, дадам ва мен тушкун аҳволга тушиб қолган эдик. Ҳаёт қийинчиликларига енгилиб қолиш қўрқуви ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Шундай кунларнинг бирида депутатимиз - Шержон ака ва партиянинг туман Кенгаши раиси – Барногул опа ҳолимиздан хабар олиб, орзуларим, яшаш шароитимиз билан қизиқишди. Уларнинг ёрдами билан яна ҳаёт завқини туя бошладим. Энди мен ёлғиз эмаслигимни, менинг орқамда Ўзбекистоним, қолаверса партия фаоллари борлигини юракдан ҳис этдим. Ўқув марказида ҳам ўз ўрнимга эга бўлганимдан хурсандман.


Барногул Сапаева, партиянинг Янгиариқ туман Кенгаши раиси:
– Барчиной Каримованинг одоби, муомаласи, илмга чанқоқлиги эътиборим марказидан жой олди. Уни ўз фарзандимдек кўриб, муносиб келажаги учун бор имконият ва куч-ғайратимни сафарбар этишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Моддий-маънавий ҳамда ижтимоий ҳимояси учун имконим даражасида ёрдамимни аямайман.
Дарҳақиқат, донишмандларимиз: “Бир йигитни тарбияласанг, бир инсонни тарбиялаган бўласан, бир қиз болани тарбияласанг, жамиятни тарбиялаган бўласан”, деб бежизга айтишмаган.
Ушбулардан хулоса чиқариб, фаолият олиб бораётган сафдошларимиз, келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмасдан, уларнинг униб-ўсиб, юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб шаклланишларида изчиллик билан меҳнат қилишаётгани қувонарлидир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+