Депутат ва ёшлар учрашуви

01.04.2024 16:04:47

Термиз Давлат Университетида Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳамраев иштирокида “Депутат ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Мазкур учрашувда партия вилоят Кенгаши фаоллари, партия “Ёшлар қаноти” Кенгаши вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этишди.
Депутат ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган кенг эътибор, барча соҳаларда ёшларнинг ўрни, айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.


Ёшлар фаолиятига доир бошқа муҳим қарор ва фармонлар, қонунлар қабул қилинаётгани ва унда ёшларнинг ҳам таклиф, фикр-мулоҳазалари ўрин олаётганлиги ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг намунаси эканлиги айтиб ўтилди.
Учрашув давомида депутат ўзининг ҳаёт йўли, халқ вакили бўлгунга қадар ҳамда ҳозирги кундаги фаолияти, бугунги ёшлар ҳаётини ўзининг ёшлиги билан таққослаб, ҳозирги кунда барча шарт-шароитлар яратилганлиги, мазкур шароитлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Эркин мулоқот тарзида ўтган учрашувда халқ вакили сифатида, депутат олдида турган долзарб вазифалар, ўз сайловчилари ишончини оқлаш ва уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш йўлида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида депутат томонидан ҳаётий мисоллар билан талабаларга тушунтириб берилди.
Шунингдек, тадбирда, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилганлиги таъкидланди. Ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш – кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги айтиб ўтилди.
Рустам Ҳамраев, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати:
- Бугун дунё аҳолисининг 20 фоиздан ортиқ қисмини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда эса аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қатлами келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу жиҳатдан ҳам, Ўзбекистонни ёшлар мамлакати, дейиш мумкин. Бугунги учрашувда ҳам мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга ошириляпти, бу соҳада қандай муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида ёшлар билан фикр алмашдик ва келгусида бу борада қилиниши лозим бўлган вазифаларни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Очиқ мулоқот сўнггида ёшларни қизиқтирган барча саволларга депутат томонидан атрофлича жавоб берилди.

Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+