Эл ардоғидаги чевар сафдошимиз

02.04.2024 14:04:32

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши ташаббуси билан юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинаётган “Эъзоз ва эътибор” лойиҳаси доирасида турли соҳаларда ишлаб, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган партиямиз фаоллари, фахрийларининг ибратли умр йўллари ва фаолиятини оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали юртдошларимиз эътиборига ҳавола этиб келинмоқда.
Хоразмтелерадиокомпанияси билан ҳамкорликдаги лойиҳамизнинг бу галги меҳмони Урганч шаҳар “Жамбул” маҳалласида чеварлик ҳунари билан нафақат маҳалла, балки шаҳар аҳолиси эътиборидан муносиб жой олиб келаётган сафдошимиз - Зумрадой Болтаева иш жойига қадам ранжида қилдик.
Зумрадой Болтаева, 5 йилдан буён турли русумли либослар, кўрпа, болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар тикиб, ҳамюртларимизнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
У ҳозирги кунда ишсиз, ҳунарсиз уйда ўтирган 60 нафардан зиёд хотин-қизларга ҳунар сирларини ўргатгани сабабли, улар ҳозирги кунда мустақил иш юритиб, ўз оиласи бюджетига ҳиссаларини қўшишмоқда.
Зумрадой Болтаева, лойиҳа меҳмони:
– Давлатимиз томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларни оила ва жамиятдаги тутган ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳужжатларни имзолагани юртимиз аёллари учун қулай имкониятларни яратди. Ёшлигимдан тикувчилик ҳунарига бўлган қизиқишим, яратилган имконият ва қаратилган эътибор натижасида оиламизнинг фаровон ҳаёти гаровига айланди, дейиш мумкин. Ҳунарим орқасидан, эл ардоғидаман, “Аёллар дафтари”да турган маҳалламиз аёлларини касб-хунарли қилганимдан, яшаш шароитлари яхшиланганидан хурсандман.
Бир сўз билан айтганда, Зумрадой Болтаевадек ширинсухан, ғайратга лиммо-лим, ўзида турфа ҳунарларни мужассамлаштира олган партиядошларимизнинг сафи кенгайиб борса, мамлакатимизда касб-ҳунарли аёллар кўпайиб, оиласига янада қут-барака кираверади ва нафақат оила аъзоларининг, балки элнинг ҳам назарига тушади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+