Эркинлик, бирдамлик ва тенглик – бош мақсадимиз

19.03.2024 15:03:35

Жонажон диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб, ватанимиз равнақи учун меҳнат қилишмоқда. Ҳар бир миллат вакили ўз маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун мамлакатимизда барча шароит яратилган.
Ижтимоий келиб чиқиши, дини, миллатидан қатъи назар, барчамизни шу Ватан фарзанди сифатида ягона мақсад йўлида бирлашиб, саодатли ҳаёт кечираётганлигимиз бир бахт аслида. Фарғона вилояти, Фарғона шаҳридаги «Дўстлик» уйида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона шаҳар Кенгаши, Рус миллий маданий маркази ҳамкорлигида «Широкая масленица» байрами кенг нишонланди. Мамлакатимизда турли миллат вакилларининг миллий маросимларини ҳамжиҳатликда нишонлаш ўзига хос анъана тусини олган.


Немис, қирғиз, тожик, корейс, туркман каби турли миллатларнинг миллий-маданий марказлари вакиллари иштирокидаги байрам тантанасида вилоят ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибият мудири Мўйдинжон Холматов ва Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона шаҳар Кенгаши раиси Шаҳноза Аҳмедова ҳамда бошқалар рус халқи вакилларини байрам билан муборакбод этишди.


Байрамда «Широкая масленица» тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида сўз юритилди. Рус миллий куй-қўшиқлари, ёш истеъдод эгаларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди.


– Жонажон Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданиятини ривожлантириши учун барча имконият ва шароитлар мавжуд, – деди Фарғона вилояти рус миллий маданий маркази раҳбари Галина Алексеевна. – Диёримизда қарор топган ҳамжиҳатлик сабаб биз ҳам миллий байрамларимизни нишонлаш, сайлларда қатнашиш, кўрик-танловлар ташкил этиш имконига эгамиз. Наврўзда бўлганидек, «Масленица», «Сабантўй» каби байрамларни ҳам турли миллатга мансуб юртдошларимиз иштирокида нишонлаяпмиз. Бу одамларни янада меҳр-оқибатли бўлишга, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбирда миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойиш этилди.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+