Фарғонада «Биз соғлом ҳаётни танлаймиз!» лойиҳасига старт берилди

27.07.2024 13:07:35

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида ўтказилган онкология ва радиология соҳасига бағишланган республика семинарида иштирок этди.

Семинар аввалида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош-бўйин ўсма касалликлари бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Акбар Ҳасанов сўзга чиқиб, республика миқёсида аҳолининг турли хил онкологик касалликларга қарши курашишда билимини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис асосида даволаш бўйича қилинаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 майдаги «Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида кечиктириб бўлмас, долзарб вазифаларни қамраб олади. Замонавий диагностика ва даволаш стандартларини амалиётга жорий этиш, давлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, илмий ва кадрлар салоҳиятини яхшилаш шулар жумласидандир.

Семинарда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ҳам сўзга чиқиб, ушбу анжуман соҳада фаолият юритаётган илмий экспертлар, олимлар, шифокорлар учун тажриба алмашиш, таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилишга замин яратганини қайд этди. Шунингдек, партия етакчиси 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, юртимизда онкологик касалликлар билан оғриган беморлар сони 27 900 нафарни ташкил этгани, уларнинг 856 нафари болалар эканига урғу бериб, мавжуд вазиятни барқарорлаштиришда партия бундан кейин ҳам фаоллик билан иштирок этишини алоҳида таъкидлади.

Бунда партия Сайловолди дастурининг муҳим таркибий қисми бўлган «Биз соғлом ҳаётни танлаймиз!» лойиҳаси қўл келишига тўхталди. Шундан келиб чиқиб, лойиҳа асосида партиянинг турли даражадаги ҳудудий ташкилотлари, депутатлик корпуслари ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.

Робахон Махмудова Ишчи гуруҳ режасида онкологик касаллик ташхиси қўйилган беморлар ҳақида статистик маълумотлар олиб борилишини ўрганиш, марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳолати ҳамда моддий-техник базаси, жойлардаги ўрганишлар натижаси бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига киритиш каби таклифларни илгари сурди.

Якунда Сиёсий Кенгаш раиси партия сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирган онколог ва радиологларга аъзолик гувоҳномаларини топширди.

— Онкологик касалликлар қанчалик эрта аниқланса ва даъво муолажаларини тизимли амалга оширилса, унинг инсон саломатлига етказадиган хавфи камайиб бораверади – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона филиали директори Отабек Каримов.

— Бу оддий ҳақиқатни халқимизнинг барча қатламига етиб боришини таъминлашда «Адолат» партияси билан ҳамкорлигимиз ўз самарасини бериб келмоқда. Чунки партия доимо мана шундай тарғибот тадбирларини аҳоли орасида доимий ўтказиб келади. Партиянинг бундай ташаббусларидан тиббиёт вакили сифатида куч олиб, «Адолат»чилар сафига қўшилдим. Семинар давомида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга мўлжалланган партиянинг янги лойиҳаси — «Биз соғлом ҳаётни танлаймиз» доирасида Фарғонанинг барча шаҳар ва туманларида кенг қамровли тадбирларни амалга оширишга келишиб олдик.

Семинардан сўнг партия етакчиси Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Танишув мобайнида Робахон Махмудова тиббиёт масканида даволанаётган беморлар билан суҳбатлашиб, даволаш жараёнлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Шунингдек, партия етакчиси Қува туман марказий поликлиникасида ҳам бўлиб, аҳоли ўртасида онкологик касалликларни илк босқичларида аниқлаш ва даволаш мақсадида ўтказилган тиббий кўрик жараёнида иштирок этди.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси кўрикка келган аёллар билан мулоқот қилар экан, Ватан келажагининг бунёдкори бўлган, миллат давомчиларини дунёга келтириб, уларни комил инсон қилиб тарбияловчи аёллар ҳеч қачон ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

— Барча аёллар ҳам ёш болаларини ташлаб, уй юмушларидан ортиб, тиббий кўрикка бориш учун вақт топавермайди, - дейди кўрикда иштирок этган Саодатхон Олимова. - Вилоят марказидаги онкология шифохонасидан келган шифокорлар турли замонавий аппаратлардан фойдаланган ҳолда бизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, саратонга чалинган инсон ҳақида эшитсак: бечоранинг умри поёнга етибди, деган фикр биз, қишлоқ одамлари онгига сингиб кетган. Шифокорларнинг тавсия ва кўрсатмаларида бунинг пуч хаёл эканини, агар касаллик илк босқичида аниқланиб ҳамда даво муолажалари қилинса саратонни енгиш мумкинлигини англадик. Шундан келиб чиқиб, биз аёллар бир йилда икки маротаба бу каби онкотекширувлардан ўтишни мақсад қилдик. Зеро, аёл соғлом бўлса миллат соғлом бўлади.

Тиббий кўрикка Туркияда ишлаб чиқарилган, энг сўнгги русумдаги Мобил маммография комплекси ҳам жалб этилгани эътиборга сазовордир. Партия етакчиси ушбу кўчма комплекс фаолияти билан танишиш чоғида бу амалиётга юқори баҳо бериб, эндиликда нафақат марказий, балки чекка-чекка ҳудудларда яшовчи хотин-қизларда ҳам онкологик касалликларни барвақт аниқлаш, тўғри ташхис асосида даволаш орқали касалликка чалиниш кўрсаткичини камайишига хизмат қилишини эътироф этди.

— Тасарруфимизда 15 та мобил маммография комплекси мавжуд, - дейди Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош-бўйин ўсма касалликлари бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Акбар Ҳасанов.-Улар ёрдамида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун тиббий текширувлар қамрови янада кенгаяди ва илк бор барча ҳудудлар маммография скрининги билан қамраб олинади.

Кўрик давомида 300 нафардан зиёд қувалик хотин-қиз онконазорат, онкоскрининг, УЗИ текширувларидан ва тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтказилди.

Шундан сўнг Робахон Махмудова «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши ходимлари ва шаҳар туман кенгашлари раислари, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ва ёшлар билан учрашди.

Учрашувда вилоят Кенгаши иш фаолияти, аъзолар сафини кенгайтириш, вилоятда депутатлик гуруҳлари томонидан сайловчилар мурожаатлари билан тизимли ишлаш, аҳоли ўртасида партиянинг танилувчанлигини ошириш, аъзолик бадаллари тушумини тартибли йўлга қўйиш борасида амалга ошираётган ишлар таҳлил қилинди. Қўлга киритилган ютуқлар билан билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Гулчеҳра АҲМЕДОВА,
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+