Халқаро рейтинг ва индекслар: нега қуйи поғоналарда қолиб кетяпмиз?

20.07.2020 09:07:56

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳар қандай мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширади. Зеро, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Аммо ислоҳотларнинг ижобий натижалари, халқнинг эришган ва эришаётган ютуқларини дунё ҳамжамияти эътиборига тақдим этиш алоҳида чора-тадбирларни, мақсадли саъй-ҳаракатларни талаб этиши ҳам турган гап. Бунда халқаро рейтинг агентликларининг хизмати катта.

Ҳар қандай давлат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ўтказар экан, биринчи ўринда аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлашни асосий мақсад қилиб белгилаб олади. Мамлакатларнинг ана шу иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларини турли рейтинг агентликлари баҳолаб боради, улар ижобий ёки салбий ўзгаришларни асло эътиборсиз қолдирмайди.  Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини, хорижий инвесторларнинг қизиқишини қозониш кўп ҳолларда нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг баҳоларига боғлиқ бўлади.
          Сўнгги тўрт йил мобайнида Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Айниқса, халқаро рейтинг агентликлари ўз индексларида Ўзбекистонни юқори ўринларда қайд эта бошлаётгани мустақиллик йилларида биринчи бор кузатилмоқда. Бу давлатимиз учун, халқимиз учун жуда катта ютуқ. Масалан, Ўзбекистон Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилди. Халқаро рейтинг агентликларининг ўзи Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг қисқа вақтда эришилган натижалари сифатида уларни жаҳон афкор оммасига маълум қилинмоқда.

Халқаро рейтингларда юқори ўринларни олиш дунё ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган эътибори, чет эл инвесторларининг қизиқишини ошириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Демак, бу масалага жиддий қараш кераклигини ҳаётнинг ўзи талаб этади. Аммо, айрим раҳбарлар рейтинглар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмаётгани ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилаётган сўровларда аксарият ислоҳотлар ўз аксини топмаётгани оқибатида етакчи халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ҳамон қуйи поғоналарда қолмоқда.
       Президентимизнинг 2 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармони шу жиҳатдан қайд этиб ўтилган камчиликларга чек қўйишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсад қилинган.
      Ҳужжатда бу борадаги аниқ вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, энди халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этиладиган бўлди. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш мазкур кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Қолаверса, Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш ҳам Кенгаш олдидаги асосий вазифа сифатида белгилаб берилди.
Бинобарин, бундан буён давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб борилади.

Мутасадди вазирлик ва идоралар ўзлари масъул бўлган рейтинг ва индексларнинг эълон қилиниш муддатлари ва уларнинг методологиясини ҳисобга олган ҳолда, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил давомида амалга ошириши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаш учун кенгашга киритилишини таъминлайди. Бунда, халқаро рейтинг ва индексларнинг рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар ҳамда уларни тузишда фойдаланиладиган ахборот манбалари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари назарда тутилади.

Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индексида Ўзбекистоннинг ўрнини акс эттириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Дунёнинг нуфузли рейтинг агентликлари эълон қилиб бораётган мазкур рейтинг кўрсаткичлари ушбу рўйхатда иштирок этаётган мамлакатларнинг халқаро майдондаги обрўсини ҳам белгилаб беради. Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнининг яхшиланиши энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликлари.яшаш турмуш тарзининг яхшиланиши , янги Ўзбекистон нуфузини жаҳон миқёсида кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекситон “Адолат” СДП

Қашқадарё илоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+