Ҳар бир адолатчи юз нафар ёшга тарбиячи

17.04.2024 10:04:27

Мафкуравий бўшлик инсонни жиноят кўчасига етакловчи омиллардан бири. Бугун мактабда таълим олаётган фарзандларимизнинг билим олишга бўлган иштиёқини ривожлантириш, бўш вақтини спорт билан шуғулланишлари ва бадиий китоблар мутолааси билан банд қилиш ҳар бир ота–онанинг биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади.
Бироқ, тирикчилик, кўпроқ даромад топиш орқали турмуш шароитини янада яхшилашга бўлган интилиш кўп ҳолларда ота-оналарнинг фарзандлари учун вақт ажратишларига монелик қилади.
Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5-февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ўтган йили вояга етмаганларнинг 3,5 минг нафари жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди. Ўқувчиларнинг мактабга қатновини назорат қилиш Миллий гвардия хизмати зиммасига юклатилганидан сўнг давомат яхшиланди.
Аммо, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, унинг туб замири бўлган телефонга қарамлик ортида юзага келаётган салбий ҳолатлар эса, афсуски, ҳамон учраб турибди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бувайда тумани Кенгаши раиси, депутат Хайрулла Турғунов тумандаги 40-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, педагоглар билан ана шу муҳим масала юзасидан суҳбатлашди.
“Бир адолатчи юз нафар ёшга тарбиячи” лойиҳаси доирасида мактаб директори Мунаввар Нурматов ва директор ўринбосари Улуғбек Жўраев билан мулоқот қилди. Унда ўқувчилар ўртасида жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасида алоҳида эътибордаги ёшларни аниқлаб, улар ва уларнинг ота-оналари билан тизимли ишлар олиб бориш борасида вазифалар белгилаб олинди ҳамда хонадонларда назорат тадбирлари олиб борилди.
- Ҳар бир ёш, бу - бизнинг фарзандимиз. Халқимизнинг порлоқ келажаги бунёдкори, ватан тараққиёти курашчиси. Уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун биз ҳамиша уларга кўмакчи бўлиб қолишимиз зарур, - деди туман партия етакчиси Хайрулло Турғунов.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+