Ҳар соҳада фаол хотин-қизлар сафимизда

28.03.2024 17:03:58

Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, агар аёл, она бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш лозимки, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш долзарб масала. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилангани бежиз эмас.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан Андижон давлат университетида “Аёл ва жамият” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида юқоридагилар тўғрисида сўз борди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова, партия фаоллари ва экспертлар иштирокчиларга хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар, бу борада қонунчилигимизга киритилган ўзгаришлар хусусида тушунча бердилар.


Таъкидланганидек, ҳозирда хотин-қизларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилишлари, шу жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаолият кўрсатишлари учун кенг шарт-шароитлар яратилган. Кейинги йилларда аёллар сайлов жараёнларининг барча босқичларида ҳам фаол қатнашмоқда. Шундан келиб чиқиб, амалдаги йилда ўтказиладиган сайловларда хотин-қизларга кенг ўрин берилиши кўзда тутиляпти. Бу ўз ўзидан келгусида хотин-қизларнинг давлат бошқаруви ва ислоҳотларни амалга оширишдаги иштироки янада ортишини кўрсатади.
Малоҳатхон Мусаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
- Ўз атрофига 38 минг нафардан ортиқ “адолатчилар”ни бирлаштирган Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаолиятида ҳам хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш асосий вазифага айланган. Айни вақтда партия аъзоларининг 21 минг нафари хотин-қизлар. Улар орасида раҳбар ва олималар, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар ва ижтимоий соҳа вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Партия лойиҳалари асосида белгиланган вазифаларни бажаришда улар доим фаол.
Ҳа, агар аёл ўзи истаса, кучли ғайрат ва салоҳият, сарҳадсиз илҳом ва рағбат соҳибаси бўлиши мумкин. Унинг эзгу ғоя ва мафкураси ҳатто тарих саҳифаларини янгилаб юборишга қодир. Тадбирда сўз олганлар жамият ривожи ва тараққиёти йўлида янада фаол бўлишларини билдирдилар.
Тадбир якунида 5 нафар фаол қизлар партия аъзолигига қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+